Лайфстайл

Унутилган шаҳар ва тошбақага айланган одам қиссаси | 5 дақиқа

Тошбақанинг ҳаёти ёмон эмас: уйи ҳамиша елкасида, ижара тўламайди, ҳеч қаерга шошилмайди, устига-устак узоқ яшайди. Фақат шундай қулайликларга эришиш учун инсонийликдан воз кечиш талаб қилинса, кўпчилик иккиланиб қолиши мумкин.

Унутилган шаҳар ва тошбақага айланган одам қиссаси | 5 дақиқа

Карвонсарой эгаси Бенишоннинг ҳаёти кутилмаганда ўзгариб кетади: кечагина одамлар орасида юрган бу киши аста-секин тошбақага айлана бошлайди. "5 дақиқа"нинг ушбу сонида ўзбек адабиётининг энг ғайриоддий ва фалсафий асарларидан бири – Темур Пўлатовнинг "Тарозий тошбақаси" романи ҳақида сўз боради.

Роман марказидаги қаҳрамон Тарозий – бухоролик шоир ва олим. У бир жойда муқим яшамайди, шаҳарма-шаҳар кезиб, рисолалар ёзади, табиат ҳодисаларини кузатиб, бошқалар кўрмаган боғлиқликларни топади.

Унинг навбатдаги манзили қум босиб бораётган сирли шаҳар бўлади. Тарозий карвонсаройга етиб келганида, у ерда аллақачон ғалаён бошланганди. Карвонсарой эгаси Бенишон ғойиб бўлган, унинг хонасининг деворида эса катта тешик пайдо бўлганди.

Савдогарлар турли тахминларни илгари суришади. Кимдир уни қарздан қочган деса, бошқаси деворни йиртқич тешган деб ўйлайди. Қози суриштирув бошлайди. Бенишоннинг хизматкори хўжайини сўнгги пайтларда уйидан кам чиққани, оёқларини ўраб юргани ва ҳаракатларида ғалати ўзгаришлар пайдо бўлганини айтади.

Тарозий шаҳардан чиққач, саҳрода улкан тошбақага дуч келади. Тошбақа унинг ортидан эргашади. Кейин маълум бўлишича, бу оддий жонивор эмас, балки карвонсаройдан ғойиб бўлган Бенишоннинг ўзи эди.

Бенишон тошбақа қиёфасида Тарозийга бошидан ўтганларини сўзлаб беради. Аввал унинг орқа териси қотиб, сезмайдиган бўлиб қолган. Қўл-оёқлари шишган, танаси шаклини ўзгартирган. Юролмай, тўрт оёқлаб судралишга мажбур бўлган. Ўзгариш охирига етгач, косаси билан деворни тешиб, ташқарига чиқиб кетган.

Аммо Бенишоннинг тошбақага айланиши тасодиф бўлмаган.

Унинг оиласида авлодлари тошбақадан тарқалгани ҳақида қадимий гап юрарди. Бенишон бу гапларни шунчаки ирим деб қабул қиларди. Ўзи тошбақага айлангач, авлодлардан ўтиб келган белги унинг танасида қайта уйғонганини тушунади.

Тарозий учун эса Бенишон табиат тақдим этган ноёб тажриба эди. Олим тошбақаларни ўрганадиган янги йўналиш билан шуғулланар, ҳайвонни инсон қиёфасига қайтариш имконини изларди. У Бенишон устида муолажаларни бошлайди.

Тажриба муваффақиятли чиқади: тошбақанинг оёқлари инсон оёғига, панжалари қўлга айланади, думи тушиб кетади, косаси йўқолади. Бенишон яна икки оёқда туради, кийим кияди ва гапиради. Бироқ ҳар бир муолажа уни ўн йилга қаритади. Йигирма етти ёшли Бенишон қисқа вақт ичида ўрта ёшли кишига айланади.

Тарозий унинг танасини одам қиёфасига қайтаради, аммо ирсиятдаги белгиларни ўчира олмайди. Бенишоннинг одатлари, қўрқувлари ва характери аввалгидек қолади.

Жамиятда ҳам одамни ташқи кўринишига қараб баҳолаймиз. Кийиниши жойида, мансабдор, равон гапиради, демак, ҳаммаси яхши. Аммо инсон мақоми юз, қўл ва икки оёқ билан белгиланмайди. Бенишоннинг танаси тузалгани билан, унинг одамлардан қочиши, гумони ва ўз манфаатига ўралиб яшаши йўқолмайди. Қолиплар елкасидан тушгани билан ичкарида ўзгариш содир бўлмайди.

Тарозий бу ҳақиқатни кечроқ тан олади.

Бенишон яна тошбақага айланади. Бу сафар уни одамлар илмий мўъжиза сифатида эмас, даромад манбаи сифатида қабул қилади. Денгизхон ва Ҳолдфингер гапирадиган тошбақани томошага қўйиб, пул ишлай бошлайди. Кечагина карвонсарой эгаси бўлган Бенишон энди чипта сотиладиган томошанинг бир қисмига айланади.

Жамият ўзи шундай, ғаройиб нарсани тушунишга шошилмайди, ундан қандай фойда олишни эса жуда тез ўзлаштириб олади.

Шаҳарни тарк этаётган Тарозий Бухоро яқинида бир неча тошбақага дуч келади ва улар орасидан Бенишонни танийди. Унинг ёшини ҳисоблайди: инсон сифатидаги йигирма етти йил, тажрибаларда йўқотилган ўттиз йил ва тошбақалар орасида ўтган яна бир неча йил. Инсон учун бу қарийб бир умр, тошбақа учун эса ҳали йўлнинг ярми.

Демак, муаммо йўқ. Тошбақаларнинг умри узоқ бўлади. Бироқ тошбақага айланган Бенишон учун бу узоқ умр мукофотми ёки жазоми, энди буни Тарозийнинг ҳисоб-китоби ҳам аниқлаб беролмасди.

Қобиқда яшаш қулай. Ижараси ҳам йўқ. Лекин одам бўлиб қолиш учун баъзан аждодлардан ўтиб келаётган салбий иллатларга, жамият тайёрлаб қўйган қолипларга қарши чиқа олсаккина ўзлигимизни сақлаб қоламиз.

temur po‘latovtaroziy toshbaqasihuman transformationidentitysocietal critiquephilosophical novelliterary analysisuzbek literature