Лайфстайл

Ўн ёшиданоқ ишлаган, баландликдан қўрқадиган, ўзидан 14 ёш кичик қизга уйланган Ёрқинхўжа Умаров 34 ёшда

Ўн ёшидан меҳнат фаолиятини бошлаган, баландликдан чўчийдиган ва ўзидан 14 ёш кичик қизга уйланган Ёрқинхўжа Умаров 34 ёшда.

Ҳамкасбларига нисбатан қисқа муддатда шуҳрат қозонган ва бир қанча хит қўшиқларнинг ижрочиси бўлган хонанда Ёрқинхўжа Умаров 7-июл куни 34 ёшга тўлди. Хонанданинг туғилган куни муносабати билан унинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида маълумот берамиз.

**Онасининг орзусини рўёбга чиқаришга аҳд қилган Ёрқинхўжа Умаров**

Ёш хонанда Ёрқинхўжа Умаровнинг онаси Зоҳида Умарова ҳам бир вақтлар санъаткор бўлган. Аммо турмуш ўртоғининг вафоти сабаб санъатдан кетишга қарор қилган. Ўғли Ёрқинхўжа Умаров эса онасининг армонларини рўёбга чиқаришга аҳд қилган.

— 1998-йилнинг 8-сентябр куни тушдан кейин кучли шамол бўлди. Мен ошхонада дадамиз яхши кўрадиган бақлажонли икра тайёрлаётгандим. Бирдан кўтарилган кучли шамол ҳамма ерни алғов-далғов қилиб юборди. Қайнонамга қараб “Яхши одам ўлди, шекилли”, дедим. Қайнонам гапимга ҳайрон бўлди. “Сентябрда бундай шамол бўлмасди-да”, дедим. Ёрқинхўжа 5 ёшда эди, боғчага кетганди.

Орадан кўп вақт ўтмай, дадамиз автоҳалокатга учраб вафот этгани ҳақида хабар келди. Бир зумда уйимизга тумонат одам тўпланди. Фарзандларим у пайтда анча ёш эди, улар отасининг вафот этганини билгани ҳам йўқ. Мен эса кўп ўтмай ёлғиз аёлга қанчалар қийин бўлишини англаганман. Турмуш ўртоғим вафот этган кундан менинг бахцизлик даврим бошланган.

Энг алам қиладигани — ёлғиз аёлга бошқача муносабатда бўлишади. Ҳатто қариндош-уруғларнинг ҳам муносабати ўзгарди. Ҳатто эрларини қизғанадиганлар ҳам бўлди. “Бу санъаткор-да”, деб ёвқараш қилганларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Фарзандларимни бировдан кам қилмаслик учун ҳаётда икки ролни ўйнадим. Яъни улар учун ҳам она, ҳам ота бўлдим, дейди Зоҳида Умарова.

**“Танаффус пайтида йўқолиб қолардим”**

Ёрқинхўжа Умаровга отасининг йўқлиги ҳар қадамда сезиларди. Боиси кичик оила кўплаб моддий қийинчиликларга дуч келар, онаси санъатдан кетганидан сўнг оиланинг тирикчилик манбаси ҳам узилганди.

— Онамдан бирон марта пул сўраган бола эмасдим. Берса олардим, бермаса пулим йўқлигини айтмасдим. Танаффус пайти яқинлашиши билан “йўқолиб” қолишга ҳаракат қилардим. Чунки синфдошларим ошхонага бориб нимадир харид қилишарди. Ҳатто уларга ҳам пулим йўқлигини билдиришни истамасдим. Жуда кўп молиявий қийинчиликка учраганмиз, шу боис 4-синфимдан бошлаб ишлашга қарор қилганман. Ўша пайтларда симёғоч ва кўп қаватли уй эшикларига эълонлар ёпиштириларди. Мен ҳам шундай ишга жойлашиб, пул ишлаганман. Пиёда юравериб оёқларим оғриб кетарди, дейди хонанда.

**“Ички ишлар ходими бўлишни истамадим”**

Зоҳида Умарова санъаткор бўлса-да, ўғлининг ҳам шу касбни эгаллашини истамайди. У Ёрқинхўжа отаси каби ички ишлар ходими бўлишини орзу қиларди.

— Онам ички ишлар ходими бўлишим учун роса ҳаракат қилган. Аввалига онамнинг қарори тўғридир деб билганман, аммо барибир ички хоҳишимга қарши чиқолмаганман, дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

**“Рус ва инглиз тилини биламан”**

Хонанда хориж тилларидаги қўшиқларни ҳам ижро этади. У хориж тилларини биладими?

— Болалигимда ўзбек мактабда ўқиганман, аммо рус миллатига мансуб дўстларим кўп бўлган. Кейин институтнинг рус гуруҳида ўқидим. Болаликдан эса инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилганман. Ҳозирги кунда рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қила оламан, дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

**“Тҳе Совер Уп да иштирок этишни истамагандим”**

“Тҳе Совер Уп” лойиҳаси ғолиби бўлган Ёрқинхўжа Умаров аслида унда иштирок этишни истамагани ҳақида сўзлаб берди.

— “Сулола” жамоасини ташкил этилгандан кейин хорижда, хусусан, Хитойда ўтказиладиган фестиваллар ҳақида маълумот тўплашни бошлаганман. “Хориж фестивалларида тажриба орттириб қайтамиз”, деб ният қилгандим. Аммо жамоамиз аъзоси Нодир ака “Тҳе Совер Уп” лойиҳаси ҳақида эшитиб, унда қатнашишни таклиф қилган. “Нима кераги бор, кетайлик”, деганман. Хуллас, у бир амаллаб кўндирган ва илк кўрсатувдан кейин қизиқишим кучайиб кетган. Кейин фақат ғолиб бўлиш фикри билан яшаганман, дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

**Маданият вазирига куёв бўлган Ёрқинхўжа**

2023-йилнинг 19-сентябр куни 31 ёшида Ёрқинхўжа Умаров Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг учинчи қизи 17 ёшли Зиннурага уйланди. Ёрқинхўжа келинникига йўл олишдан аввал онаси Зоҳида Умаровага махсус таклифнома ҳамда тилла занжир совға қилди.

Икки ёшнинг висол оқшоми пойтахтдаги ресторанлардан бирида бўлиб ўтди. Тантанага Дилноза Кубаева, Рихситилла Абдуллаев, Зара Ширинова, Жамшид Умрзоқов ва Даврон Кабуловлар бошловчилик қилди. Ёрқинхўжанинг онаси Зоҳида Умарова келган барча меҳмонларга миннатдорлик билдириб, шоу-бизнес вакилларига ўғлини ёлғизлатиб қўймагани учун алоҳида ташаккурини изҳор этди. Ёрқинхўжанинг ўзи Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов билан дует куйлади.

— Мен Ёрқинхўжа билан Зиннурадан алоҳида яшайман. Келинимнинг онаси Назокатхон ҳар куни қўнғироқ қилиб, “Зоҳида опа, олдиларида бўлинг”, дейди. Улар бир-бирига жуда яхши ўрганяпти, эртага фарзандли бўлса, ёшларнинг ораси озгина қочади. Фарзандли бўлгунча бир-бирига тўйсин, дейман. Зиннура 17 ёшда турмушга чиқди, ўғлим билан оралари 14 ёш. Озодбекка раҳмат, ёшгина қизини Ёрқинхўжага ишонди.

Ёрқинхўжа келинимни тўйгача кўрмаган-ку, шундай деб қолди: “Аяжон, кўриш шарт эмас экан. Ақли, фаросати бўлса бўлди экан. Бу менинг комплект муҳаббатим”, дейди. Келиним ҳам ислом динини соф қабул қилиб, ўғлимга никоҳгача ўзини кўрсатмаганига раҳмат, деган эди Зоҳида Умарова тўйдан кейин берган интервюсида.

Жуфтлик 2024-йилнинг 15-июн куни ўғил фарзандли бўлди.

**Ёрқинхўжа нимадан қўрқади?**

Хонанданинг фобияси борми? У нимадан кўпроқ қўрқиши ҳақида ҳам айтиб ўтган.

— Ёшлигимда томга чиққанимда баланд панжарали жой турган экан. Баландликдан яхшигина қўрққанман. Нима сабабдан бундан қўрқишимни билмайман, баландликдан пастга қараган пайтим юрагим орқага тортиб кетади, дейди хонанда.

biographymarriageyorqinxo‘ja umarovphobiacareerfamilypersonal lifesinger