Қаршиликларга қарамай рус қизига уйлаган ва таниқли вайнерни келин қилган Муҳаммадали Абдуқундузов 74 ёшда (фото, видео)

Қаршиликларга қарамай рус қизига уйланган ва таниқли вайнерни келин қилган Муҳаммадали Абдуқундузов 74 ёшда (фото, видео)
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов 14-июл куни 74 ёшни қарши олди. У ўзбек киносида биринчи бўлиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини гавдалантирган. Шу муносабат билан узоқ йиллар Сурхондарё театрида фаолият юритган, бир неча йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган, ўнлаб спектакл ва филмларда турли характердаги роллари билан томошабинлар қалбидан жой олган таниқли актёрнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.
Муҳаммадали Абдуқундузов 1952-йилда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг маркази — Яйпан қишлоғида туғилган. Унинг бобоси Аҳмад Али Яйпандаги катта чойхона эгаси бўлган. Шу сабабли актёр гўдаклигидан мактабни битиргунига қадар ўша чойхонада, бобосининг ёнида улғайган.
**“Ҳамма кетганидан сўнг шу суратнинг тагига жой солиб бераман, термулиб ётаверасан”**
— Бобомнинг катта набираси бўлишимга қарамай, беш ёшимдан чойхонадаги ишларга жалб қилинганман. Сув келтириш, ўтин ёриш, кўмир ташиш каби майда юмушлардан бошлаб, кейинчалик каттароқ ишларни ҳам бажарганман. 11-синфни битиргунимча мана шундай меҳнат билан катта бўлдим. Ҳаётнинг жуда кўп мураккаб ва қизиқарли томонларига мана шу чойхонада гувоҳ бўлганман.
Ундан ташқари, ўша пайтда чойхонамизда буюк аждодларимиз — Алишер Навоий, Беруний, Ибн Сино боболаримизнинг катта портретлари осиғлиқ турарди. Шулар қатори Бобур ҳазратларининг ҳам суратлари бор эди. Илк бор у зотнинг суратини мана шу ерда кўргандим. Бошқаларнинг либосига қараганда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кийимлари жуда чиройлилиги билан диққатимни тортарди. Кўп марта шу суратга термулиб қолганимда, дадам раҳматли: “Муҳаммадали, мижозлар кутиб қолди, чойнакни олиб кел, чой дамлаб берай уларга. Кечқурун ҳамма кетгандан кейин шу расмнинг тагига жой солиб бераман, термулиб ётаверасан”, деб дашном берарди. Ўшанда — беш ёшлигимда, орадан 35 йил ўтиб, шу инсоннинг образини Ўзбекистон телевидениесида илк маротаба гавдалантириш менга насиб этишини Аллоҳ юрагимга солган бўлса ажаб эмас.
**“Ота-онам айтганини қиладиган бола бўлганман”**
Ёш Муҳаммадали масъулиятли, ота-онаси буюрган юмушларни аъло даражада бажаришга одатланган фарзанд бўлган.
— Отам пахта заводида ишлаган. Онам уй бекаси эди, уйдаги ишлар билан банд бўларди. 14 ёшдалигимда дадам инсулт бўлиб қолдилар. У пайтларда пахта қабул қилиш жараёнида жуда катта жанжаллар бўларди. Ана шундай жанжалларнинг бирида, хўл пахтани қабул қилмаслигини айтаётган пайтда йиқилиб, қон томирлари ёрилиб, ётиб қолганлар. 40 кундан кейин ўзларига келдилар-у, барибир ногирон бўлиб қолдилар. Шу сабабли ўсмирлик пайтимдан оилада эркак киши қиладиган юмушларнинг ҳаммаси менинг зиммамга ўтди. Онам ёпиб берган нонларни чойхонада сотардим. Бир ойда 20 қоплаб сотиб олинган унни ўзим уйга ташиб, тахлардим. Аммо ўшанда 70 килолик ун қопини кўтариш ҳазилакам иш эмаслигини ўяб ҳам кўрмасдим. Чунки шу ишларни қилишга мажбур эдим.
**“Қаерда математика фани йўқ бўлса, ўша ўқишга кираман”**
Актёр 1970–1974-йилларда Тошкент давлат санъат институтида таълим олади. Унинг сўзларига кўра, бу йўналишни танлашига қайсидир маънода математика фанини ёмон кўргани ҳам сабаб бўлган.
— Мактаб пайтлариданоқ актёрликка ҳавасим бор эди. Комсомол юбилейи муносабати билан композиция тайёрланиб, Абдулла Набиев пьесасидан кичик лавҳа саҳналаштирилиши керак бўлди. Ўшанда Абдулла Набиев роли учун танлов эълон қилинди. 60-70 нафар мактаб ўқувчиси қатнашган кастингда бу рол 14 ёшли менга насиб этди. Ана шу ролни ижро этганимдан сўнг кўнглимда санъаткор бўлиш истаги пайдо бўлди. Жуда кучли хоҳиш бўлмаган бўлса ҳам, ҳарқалай яхши касб экан, деб қўйгандим.
Лекин уйдагиларнинг хоҳиш-қистови билан санъат йўналишига эмас, Тошкент давлат университетининг география факултетига ҳужжат топширдим. Чунки ота-онам педагог бўлишимни исташганди. География фанини яхши кўрардим. Лекин бу факултетда ҳам биринчи имтиҳон математика эканини билмаган эканман. Мактабдаги энг ёмон кўрган фанларимдан бири шу эди. У пайтларда “ўқишга киролмадим” деб қишлоққа қайтиб бориш уят ҳисобланарди. Пойтахтда холам яшаб, новвойлик қилардилар. У киши менга: “Уйга ўқишга кирдим, ўқияпман, дегин. Кейинги йил ўзинг хоҳлаган ўқишга кириб оласан”, деб маслаҳат берди. Қайси йўналишни исташимни сўраганида: “Қаерда математика фани йўқ бўлса, ўша ерга кираман”, деб жавоб бердим.
Сўнг бир йил давомида холамникида яшаб, уларга ёрдамлашиб, суриштириб кўрсам, фақатгина ўзим сал тушунадиган санъат институтида математикадан имтиҳон йўқ экан. Шу билан санъат йўналишига ҳужжатларимни топшириб, ўқишга кирдим.
**“Янги, оқ кўйлакни расво қилибсан”**
— Абдулла Набиев ролини ўйнаганимда, бу образ учун оқ кўйлак кераклигини айтишди. Қаҳрамоннинг ўлимолди, қийналган саҳнасини ижро этиш учун оқ кўйлакни йиртиб, қизил бўёққа бўяб кийишим керак экан. Аксига олиб, у вақтларда кийим-кечак унчалик кўп бўлмаган. Менинг оқ кўйлагим йўқ эди. Лекин дадамнинг янгироқ бир оқ кўйлаги бор экан. Шуни ҳеч кимга билдирмай олиб, йиртиб, бўяб, спектаклда ўйнадим. Сўнг кўйлакни қоғозга ўраб уйга келсам, онам билан дадам ўтиришган экан. Онам қўшнимиз тўй қилаётганини, дадам оқ кўйлагини кийиб тўйга чиқмоқчилигини, аммо уни тополмаётганликларини айтиб, кўрган-кўрмаганимни сўради.
Кўйлакни кўрганимни, топиб беришимни, бироқ уни энди кийиб бўлмаслигини айтдим. Нега деб сўрашганида, қоғозни очиб кўрсатдим. Онам “вой, шўрим”, деб юборди. Дадам кўйлакни нима қилганимни сўради. Спектакл учун шундай қилишга мажбур бўлганимни тушунтирдим. Шунда дадам: “Ҳали бир ишнинг бошини тутиб, маош олиб, менга битта кўйлак олиб берасанми-йўқми, лекин туппа-тузук кўйлакни расво қилибсан”, деди.
Ўша куни пайти келиб, маош олганимда дадамга ўнта кўйлак олиб беришни кўнглимга тугиб қўйдим. Кейинчалик Термизда биринчи маошимни олганимда, ростдан ҳам 10 та кўйлак сотиб олиб, дадамга бердим. Дадам ҳайрон бўлиб: “Нима, умримнинг охиригача етадиган кўйлак олиб келдингми? Шунчасини нима қиламан?” дедилар. Уларга бир неча йил аввалги воқеани эслатиб, кўйлакларни илк маошимдан олганимни айтдим. Улар билан ўтган ўша дамларни жуда соғинаман.
**“Юқори ташкилот аралашуви сабаб Миллий театрга бизни эмас, бошқаларни олишди”**
Муҳаммадали Абдуқундузов гарчи ўзи хоҳлар-хоҳламас, бир йилдан кейин қайтиб келиш нияти билан Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилоят театрига кетган бўлса-да, кейинчалик бу ерда 11 йил давомида самарали меҳнат қилганидан сира пушаймон эмаслигини айтади.
— 1974-йилда ўқишни тугатганимизда, мен ва бир курсдошим режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг таклифи билан Миллий театрда қолишимиз керак эди. Аммо вазирликдан бизни эмас, бирга ўқиган бошқа икки курсдошимиз — Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум Бахтиёр Қосимовни театрда олиб қолиш ҳақида топшириқ бўлган. Шу сабабли ўша пайтдаги Ҳамза (ҳозирги Миллий) театрида қолмадик.
Диплом спектаклимизни топширганимиздан кейин Сурхондарё театрининг бош режиссёри келиб, бизни ишга таклиф қилди. Бошида бундан жуда хафа бўлдим. Чунки аввалига спектаклимизни кўриб, Баҳодир Йўлдошев театрга олганди-ю, сўнг юқори ташкилот аралашуви билан рўйхатдан ўчиб кетдик. Албатта, Элёр Носиров Ҳалима Носированинг жияни, Бахтиёр Қосимовнинг отаси ҳам шу театрда ишлаганини тушунардим. Барчасини англасам-да, барибир бу ҳолат юрагимга оғир ботди. Кетишимдан аввал Ҳамза театрининг ёнида узоқ вақт турдим ва ичимда: “Бир кун барибир шу театрга қайтиб келиб, ишлайман”, деб аҳд қилдим.
Ўшанда курсимиздан мен билан бирга 10 нафар ёш вилоят театрига йўл олдик. Бир йил ишлаб қайтиб келаман, деган хаёл билан кетиб, ўн бир йил ўша ерда қолиб кетдик. Лекин у ерга борганимга ҳеч ҳам пушаймон бўлмадим. Ҳамма нарсанинг бир хайрли томони бўларкан. 29 ёшимда айнан ўша ерда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олдим. Қолаверса, шу ерда икки фарзандим дунёга келди.
**“Тошкентга қайтишимга Зикр Муҳаммаджонов сабаб бўлган”**
— Термиз театрида “Қизил яйловдаги кўк тулпорлар” спектаклини саҳналаштирган эдик. Худди шу асар Ҳамза театрида ҳам қўйилганди. Пойтахтда мен яратган образни СССР халқ артисти Зикр Муҳаммаджонов ўйнаганди. Кейинчалик, ушбу спектаклини биргаликда ижро этиш учун Зикр ака Термизга таклиф этилди. Спектакл тугаганидан сўнг у киши менга: “Яхши актёр экансан, бу ерда нима қилиб юрибсан? Ҳамза театрида ишлашинг керак. Сени олиб кетамиз”, дедилар.
Аёлим у ерда гримм рассоми эди. Ҳамза театрида ҳам гримм устасига эҳтиёж бор экан. Шу сабабли ўша йили аввал аёлим, орадан бир йил ўтиб мен ҳам Ҳамза (ҳозирги Миллий) театга ишга ўтдик. Шу тариқа, 1986-йил 13-январ кунидан эътиборан Ҳамза театрида иш бошладим.
**Оиласи ҳақида**
Актёр Муҳаммадали Абдуқундузов 1975-йилда Валентина исмли рус қизи билан оила қурган.
— Термиз театрида “18 ёшлигим” номли спектаклини саҳналаштираётган эдим. Раҳбариятнинг чақируви билан Валентина Тошкентдан бизга ёрдамга келди. Чунки у пайтларда вилоят театрларида мутахассис ходимлар бироз тақчил эди. Валентина билан репетиция жараёнида танишдик, аста-секин ўртамиздаги муносабат муҳаббатга айланди. Аввал ису ислом динини қабул қилди, шундан сўнг шаръий ва қонуний никоҳдан ўтдик.
Бошида аёлим ўзбек тилини умуман билмасди, урф-одат ва анъаналаримиз ҳам унга мутлоқ бегона эди. Кетма-кет икки ўғил фарзандли бўлдик. У пайтларда рус тилини билмаслик уят саналгани, бусиз карьера қиблй бўлмаслиги ҳақида ўяб, фарзандларимни рус мактабига беришга қарор қилгандим. Аммо аёлим менга қарши чиқиб, ўғилларимиз ўзбек мактабига боришларини қатъий истади. Онаси тилни яхши билмагани учун бошида болалар мактабда бироз қийналишди.
Албатта, рус қизига уйланганим онамга маъқул келмаган. Ҳаётимдаги бу бурилиш оилада катта низо ва муҳокамаларга сабаб бўлган. Кейинчалик болалар улғайиб, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан қуда бўлганимиздан кейин муносабатлар анча юмшади. Айниқса, онам қаттиқ бетоб бўлиб, жигар хасталигига чалинганида, аёлим у кишини сидқидилдан парваришлаб, дуоларини олди. Шукрки, кеч бўлса-да, ҳаммаси жой-жойига тушди.
Инсон кўнгли истамаган одам билан яшай олмайди. Яшаган тақдирда ҳам, уйдан тушунмовчилик ва зиддиятлар аримайди. Аёлим санъат соҳасини яхши тушунгани учун спектакл ёки кинолардаги саҳналарини берилиб ўйнашимни маслаҳат беради. Агар у бошқа соҳа вакиласи бўлганида, вазият мутлоқо аксинча бўлиши мумкин эди. Чунки ўринсиз рашк ижодкорни синдиради. Турмушимиз давомида бир-биримизни авайлаб, аҳил яшаб келяпмиз.
**“Хизмат кўрсатган артист бўлиб вазирнинг ҳузурига киролмасам, бу нимаси?”**
Актёр 1996–2000-йилларда раҳбарлик лавозимларида ҳам фаолият юритган.
— Тошкентга — Миллий театрга келганимдан кейин штатда актёрлик ўрни бўлмагани учун бир йил давомида бош режиссёрнинг адабий маслаҳатчиси лавозимида, аниқроғи, туғруқ таътилига чиққан ходиманинг ўрнида ишладим. Бу лавозимда ишлаш учун ёзув-чизувни билиш керак эди, бир йил шу юмушлар билан банд бўлдим. Вазирликка бориб, вазир билан учрашмоқчи бўлсам, ёрдамчиси қабулига киришга қўймасди. “Нима илтимосингиз бор, олдин менга айтинг, кейин кўриб чиқамиз”, дерди. Ўшанда “Бу қанақаси? хизмат кўрсатган артист бўлиб, вазир ёки унинг ўринбосари қабулига кириб дардимни айтолмасам?” деганман. Чунки ўшанда актёр бўла туриб, нима сабабдан бошқа лавозимда юрибман, деб қийналиб юрган пайтларим эди.
Вазирлик биносининг йўлакларида мана шундай ўйлар билан юрганимда, яқин келажакда ўзим айнан шу ерга вазир муовини бўлиб ишга келишимни хаёлимга ҳам келтирмаган эканман.
**“Бобур ролини ижро этганим учун кўчада ҳам енгил-елпи кийинишга ҳаққим йўқ”**
1990-йилда экран юзини кўрган “Бобур” тарихий видеофилмида Муҳаммадали Абдуқундузов ушбу улуғ сиймонинг образини ўзбек киносида биринчи бўлиб гавдалантирган. Орадан қарийб 36 йил ўтган бўлса ҳам, мухлислар актёрни ҳамон Бобур образи билан эслашади. Санъаткорнинг айтишича, уни ўз исми билан эмас, “Бобур Мирзо” деб чақирадиганлар ҳам талайгина.
— Филм чиққанидан буён Бобур ҳазратларининг хаёли билан яшайман, у зотнинг руҳи билан уйғонаман. Чунки қаерга бормайин — хоҳ у тўй-маърака, бозор ёки театр бўлсин — томошабин менга ҳамон Бобур образининг призмаси орқали қарайди. Экрандаги улуғвор ҳолат билан ҳаётдаги шахсимни таққослашади. Шунинг учун енгил-елпи кийимларда кўчага чиқишга ҳам ҳаққим йўқ деб ҳисоблайман.
Баъзилар “Муҳаммадали ака” деса, бошқалар “Бобур ака” деб мурожаат қилишади. Бунга аллақачон ўрганиб қолганман. Мана шундай буюк аждодимизнинг образини яратганимдан беҳад бахтиёрман. Ушбу видеофилмдан кейин англаганманки, Бобур ҳазратлари халқимизнинг энг севимли тарихий қаҳрамонларидан бири экан. Эътибор берган бўлсангиз, ҳозирги кунда 35-36 ёшга кирган йигит-қизларнинг кўпчилигига ўша филмнинг таъсири остида Бобур, Хонзодабегим, Камрон, Ҳумоюн деб исм қўйилган.
**“Бобур ролини Ёдгор Саъдиевдан бошқа ҳеч ким ўйнай олмайди, дейишган”**
— Бобур ролини Ёдгор Саъдиевдан бошқа ҳеч ким ўйнай олмайди, деб турилган бир пайтда, масъулларга: “Сурхондарёдан Муҳаммадали Абдуқундузов деган актёр келган. ъЎткан кунларъ спектаклида ҳам Абдулла Қодирий, ҳам Отабек образларини ижро этган. Шу актёрни бир кўринглар”, деб маслаҳат беришган. Шундан сўнг мени суҳбатга чақиришди ва агар менга шу ролни ишонишса, эплай олиш-олмаслигимни сўрашди.
Бобур Мирзо болалигимдан буён мени ўзига ром этиб келган қаҳрамон эди. Термизда ишлаб юрган пайтларимда у зот ҳақида “Юлдузли тунлар” романи чоп этилганди. Бу асарни деярли ёддан билардим. Агар қачондир Бобур ҳақида филм ёки спектакл ишланса-ю, унда рол ижро эцам, қанийди, деб ният қилардим. Аммо кутилмаганда орзум ушалиш арафасига келганда, юрагимда қўрқув ва ҳаяжон пайдо бўлди. Шундай бўлса-да, филмнинг бир эпизодини синов тариқасида суратга олиб кўришгач, мени ушбу бош ролга тасдиқлашди ва ижодий ишлар бошланиб кетди. Суратга олиш жараёнлари роса 14 ой давом этган.
**Актёрнинг армони**
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Бобур номидаги халқаро мукофот лауреати, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, 72 ёшида ўзи битирган олийгоҳнинг профессори унвонига эришган ва 2020-йилдан буён олий таълимда талабаларга дарс бериб келаётган Муҳаммадали Абдуқундузовнинг қалбида Гамлет ролини саҳна ва экранда яратиш энг катта армон бўлиб қолган.
Бугунги кунда Муҳаммадали Абдуқундузов Жаҳонгир ва Сардор исмли фарзандларининг отаси бўлиши билан бирга, беш нафар набиранинг суюкли бобосидир. Актёрнинг Музаффаршоҳ исмли набираси таниқли вайнер Аиша Ибраҳимзаде билан оила қурган. 2026-йилнинг 30-май куни актёр эварали бўлди.

