Лайфстайл

“Касаллигим сабаб ҳаммадан уялганман”. Актриса Муножот Алимбоева узоқ йиллик тушкунликни қандай енггани ҳамда омадли роли ҳақида

**"Касаллигим туфайли ҳаммадан уялганман". Актриса Муножот Алимбоева узоқ йиллик тушкунликни қандай енггани ва омадли роли ҳақида**

"Жайдари келин" спектаклидаги Меҳринисо роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Муножот Алимбоева "Даракчи" нашрининг ЁуТубе каналига интервю берди. Суҳбат давомида актриса санъатга кириб келишидан аввал босиб ўтган йўли, ўзи иштирок этган спектаклга қандай тасдиқлангани ҳамда касали сабаб узоқ йиллар тушкунликка тушиб қолгани ҳақида сўзлаб берди.

**"Ёшлигимда онам орзумдаги касбни эгаллашимга қарши бўлган"**

— Ёшлигимдан актриса, ашулачи бўламан, дердим. Мактабда қўшиқлар куйлаб юрсам, онам: "Қўшиқчи бўламан демагин, бизнинг авлоддан артистлар чиқмаган", деб орзу-ҳавасларимни тақиқларди. "Бу касб ўзбекчиликка тўғри келмайди" деган гап-сўзлар доим онамнинг қулоғига чалингани, қолаверса, дадам ҳам санъатдан узоқ соҳада бўлгани учун санъаткор бўлишимни хоҳлашмаган. Яна "артист бўлса, турмушга чиқолмайди" деб қўрқишган.

Одамларнинг санъаткорлар ҳақидаги салбий фикрларидан қўрқиши кўп қизларимизнинг санъат йўлидан кетишига, фарзандларнинг ўзи хоҳлаган касбни эгаллашига тўсқинлик қилади. Менда ҳам худди шундай бўлган. Ўша пайтларда юрист бўлиш урф бўлгани учун ҳуқуқшунослик лицейининг тарих бўлимига ҳужжат топшириб, ўқиганман. Лицейимиз педагогика университети қошида бўлгани сабабли мусиқа факултети ҳам бор эди. Ўша ерда бизга мақомдан дарс беришарди, мақом куйлашни ўрганганман. Ҳаттоки лицейимиз директори дадамни чақиртириб: "Қизингиз педагог ёки бошқа касб эгаси эмас, санъаткор бўлсин", деган. Лекин дадам индамаган.

**"Санъат йўналиши мен ўйлагандан ҳам яхши экан"**

Ота-онасининг раъйига кўра бошқа касбни танлашга мажбур бўлган актриса юридик йўналишга ўқишга кириш қийинлигини билгач, дадасининг маслаҳати билан Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топширади. Аммо бу йўналишда ҳам унга омад кулиб боқмайди. Шундан сўнг у онасининг таклифига биноан тикувчилик ҳунарини эгаллашга киришади. Кейинчалик эса Муножот Алимбоева кейинги тақдири кутилмаганда ўзгариб кетгани ҳақида гапирди:

— Ҳамма нарса бирданига ўзгариб кетди. Билсам, дадам аввалдан санъаткор бўлишимга қарши бўлмаган эканлар. Ўзлари институтни битириб, чет элларда ишлаган замонавий инсон эдилар. Қаршиликлар эса онамнинг қўрқуви туфайли бўлган экан, у киши "дадам саҳнага қўймайди" деб ўйлаганлар. Актриса бўлишимга дадам рухсат берганидан кейин онам ҳам эътироз билдирмадилар. Санъат мен ўйлаганимдан ҳам яхши соҳа экан. Ҳамма гап инсоннинг ўзига, ақлига, иродасига ҳамда оиладаги тарбия ва муҳитга боғлиқ экан.

**"Жайдари келин"даги рол менга насиб қилмаслиги ҳам мумкин эди"**

— Аслида спектаклдаги келин роли меники эмас эди. Бу образ устозларимиз Зулайҳо Бойхонова, Гулчеҳра Носирова, Норпошша Ҳасанова ва курсдошим Наргиза Шаҳобовалардан бири учун мўлжалланганди. Уларнинг тавсия этилганига сабаб — ҳаммаси гавдали, кетмон кўтара оладиган образга тўғри келишарди. Мен эса кичкина эпизод — қайнисингил ролида эдим.

Репетиция жараёнида қаҳрамоннинг характерини эшитиб: "Худди менинг ёшлигим экан, юриш-туришлари ҳам ўхшар экан", дердим. Чунки болалигимда юришимнинг устидан кулишарди, онам бўлса "тўғри юр, Муножот", деб уришарди. Нозик табиатли эмас, жуда қўпол қиз бўлганим учун ҳам бу рол менга ёқиб қолган.

Домладан шу ролни ўйнашни илтимос қилганимда, устозларим у менга тўғри келмаслигини айтишган. Сабаби, ўша пайтда жуда озғин, зўрға ўзбекча гапирадиган қиз бўлганим учун кетмончи келин образига мос эмас, деб ўйлашган. Шу ролга олишмагани учун улардан қаттиқ хафа бўлганман. Шунда ҳам барибир қаҳрамоннинг сўзларини ёзиб олиб, тайёрланиб юришга қарор қилдим ва ссенарийдан келиннинг ҳамма гапларини дафтарга кўчириб чиқдим.

Бир куни менга омад кулиб боқди. Зулайҳо опа консертга, устозимиз Гулчеҳра Носирова дубляжга кетди. Норпошша опанинг мазаси қочиб қолди, курсдошим ҳам нимадир сабаб билан спектаклдан чиқиб кетди. Репетицияда ҳамма устозлар ўтирибди, лекин "Жайдари келин"нинг сўзларини ўқийдиган одам йўқ. Бир пайт, бироз аввал мендан рад жавобини эшитган устозим тайёрланиб юрганимни эслаб қолди ва дафтаримдан келиннинг гапларини ўқиб туришимни айтди. Ролга киришиб, маромига етказиб ўқиб бердим. Шундан сўнг ҳар куни тайёргарликда бу ролни менга ўқитишди ва якунда асосий спектаклдаги рол ҳам менга берилди.

**"Санъатга ўзимни бағишлаб, соғлиғимни йўқотганман"**

— Санъатга ўзимни бағишлаб, соғлиғимни йўқотганман. Вақтида жудаям тиғиз иш графигида юрардим: эрталаб келинсаломга, кейин хорга бориб ашула айтардим, сўнг ўқишга борардим. Кеч ухлаб, барвақт туриш оқибатида кун тартибим бузилди. Бунинг ортидан организмда витаминлар етишмаслиги келиб чиқди ва натижада танамда оқ доғлар пайдо бўла бошлади.

Шу сабабли узоқ вақт депрессияга тушиб қолдим. Ўша кезларда ҳамма сёмкаларни рад этдим, чунки халқнинг ичига киришга уялардим. Хаёлимда худди жирканч инсонга айланиб қолгандек эдим ва ўзимни жуда бахциз ҳис қилардим.

Лекин айнан шу хасталик мени бахтга етаклади. Сабаби, шу қийинчилик ортидан мен кучли бўлишни, ҳар доим кулиб юриш ва рақсга тушиш кераклигини англадим. Тиббий томондан ҳам инсон ўзини бахтли ҳис қилса, бу доғлар танани тарк этишини билганимдан сўнг, ҳамма нарсага ижобий (позитив) кўз билан қарашни ҳамда доим табассум қилишни ўргандим.

**"Қизим ижтимоий тармоқларда фаол бўлишимга ундайди"**

— Блог юритишга асосан тўнғич қизим Самира ундаб туради. "Ойижон, бу замон талаби, мухлисларингизга ҳеч нарса жойламабсиз", дейди. Баъзида ўзи нималардир топиб жойлаб қўяди. Турмуш ўртоғим эса: "Саҳифангга ҳар нарсани жойлайверманглар. Одамлар салбий нарсалар ёзишни бошлади, уларни ўқиб ёмон бўлдим, қаттиқ гапириб юбораман", деб танбеҳ берди. Сўнг у кишига ҳар хил одам борлигини, ҳамма ҳар хил савияда ёзишини айтиб, шуларга қарамай, мухлисларга қизиқ бўлган нарсаларни жойлаб боришимиз кераклигини ётиғи билан тушунтирдим. Қизимнинг айтиши бўйича, салбий изоҳлар қанча кўп ёзилса, рилслар шунча кўп тарқалиб, кўришлар сони кескин ортар экан. Шунинг учун қизим: "Ойижон, қўяверинг, ёмон гаплар ёзаверишсин", дейди.

Гарчи саҳифамга кунимиз ва ишимизнинг бир қисмини қўйиб борсам-да, ўзимни блогер деб ҳисобламайман. Лекин жуда кўп мухлислар кузатиб, ҳаётим билан қизиқишаркан. Ҳаттоки фарзандларим билан муносабатим ҳам кузатувчиларимга мотивация бераркан. Бир куни бир қиз ёзиб қолди: "у эрталабдан кечгача ишда бўлгани учун фарзандларига вақт ажратолмас экан". Мен ҳам ишлайман, баъзан тун-у кун ишлашимга тўғри келади. Лекин ўша қиз болаларим билан қилган мулоқотимни, уларга вақт ажратишимни кўриб, мендан кўп нарса ўрганганини айтди. "Фарзандларингизни уришмас экансиз. Мен баъзан асабим чидамасдан болаларимга қаттиқ гапириб юбораман. Сизни кўриб, уларни уришмайдиган бўлдим", деди. Бу мен учун жуда катта бахт бўлди. Чунки актрисалигим ёки бошқа ютуқларимдан ташқари, она сифатида бошқа бир аёлга ўрнак бўлаётганимнинг ўзи улкан ютуқдир.

social mediamunojot alimboyevaactress careerparental expectationsbreakthrough rolehealth challengesdepression recoverymotherhood inspiration