Тошкентда учрашувга чиққан қизга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди

Тошкентда учрашувга чиққан қизга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди
Тошкент шаҳрида учрашувга чиққан қизнинг оғзини қўли билан ёпиб, сочидан тортган 31 ёшли эркак 5 суткага қамалди. “Дарё” суд ҳужжатлари билан танишди.
Воқеа 2026-йил 9-июл куни соат 23:56 атрофида Шайхонтоҳур туманидаги маданият ва истироҳат боғида содир бўлган. Суд ҳужжатига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида туғилган эркак боғда ўзига таниш бўлган қизнинг олдига келиб, у билан гаплашмоқчи бўлган. Қиз эса мулоқот қилишни истамасдан, кетмоқчи бўлган. Шунда эркак уни мажбуран тўхтатиб, оғзини қўли билан ёпган ва сочидан тортган. Шунингдек, қизга “Менга турмушга чиқасан”, дея шаҳвоний шилқимлик қилган.
Суд мажлисида жабрланувчи эркакнинг хатти-ҳаракатлари унинг хоҳишига қарши содир этилганини айтиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Эркак эса қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жабрланувчидан узр сўраган. Бироқ суд эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Аввалроқ Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 16 ёшли мактаб ўқувчисига Телеграм орқали тунги вақтларда ишқий хабарлар юбориб, уни ярим тунда учрашувга чақирган мактаб маслаҳатчиси 5 суткага қамалгани ҳақида хабар қилинганди.
Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жазо
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасига кўра, шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Абубакр Одилжонов

