Тошкентда йўл бўйидаги пулли автотураргоҳ учун тўлов қилмаган ҳайдовчиларни жаримага тортиш таклиф этилди
Тошкентда йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлар учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаган ҳайдовчиларни жаримага тортиш таклифи билдирилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл бўйидаги пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланган ҳайдовчилар учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 128¹¹-модда билан тўлдирилади. Ушбу модда асосида, йўл бўйидаги пулли автотураргоҳдан фойдаланганлик учун тўловни қонунчиликда белгиланган муддатда амалга оширмаслик ёки ундан бўйин товлаш БҲМнинг 2 баравари миқдорида жаримага олиб келади.
Ўзбекистонда 1-сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўмга тенг бўлади. Шунга кўра, жарима миқдори 880 минг сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, бундай ҳуқуқбузарликлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари ҳамда ахборот тизимлари маълумотлари асосида қайд этилиши режалаштирилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, пулли автотураргоҳлардан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга шахсларга ушбу жавобгарлик татбиқ этилмайди.
Лойиҳа изоҳида таъкидланишича, сўнгги йилларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида пулли тўхтаб туриш жойлари бўйича ҳуқуқий асослар яратилган. Эндиликда ушбу тизимдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва қоидабузарликларнинг олдини олиш учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш таклиф қилинмоқда.
Тошкент шаҳрида йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлар Пойтахт Паркинг оператори томонидан ташкил этилади. “Стреетпарк Сйстемс” МЧЖ умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича 22-декабрдан эътиборан устун музокара кучига эга деб эътироф этилган.

