Украина ТИВ ЮНИСеФдан Россияни очиқ қоралашни талаб қилди
Украина ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрей Сибиха БМТнинг Болалар жамғармаси - ЮНИСеФнинг Россия ва Украинадаги ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган болалар ҳақидаги баёнотини танқид қилди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги ЮНИСЕФдан Россияни очиқчасига қоралашни талаб қилди. Бу ҳақда 9-август куни Сибиха Х ижтимоий тармоғида ёзди. Талаб ЮНИСЕФнинг 4-август куни эълон қилинган, "Россия Федерацияси ва Украинадаги ҳужумларда ҳалок бўлган ва жароҳатланган болалар" ҳақидаги баёнотига нисбатан билдирилган.
Украина расмийсининг фикрича, ЮНИСЕФ ўз баёнотида "тажовузкор ва жабрланувчи ўртасида сохта тенглик" яратган. Сибиха болаларнинг ўлими Россиянинг Украинага қарши уруши оқибати эканлиги баёнотда кўрсатилмаганини танқид қилди.
ЮНИСЕФ ўз баёнотида Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Геленжик курорт шаҳри таркибига кирувчи Архипо-Осиповка қишлоғида пляжда уч нафар бола ҳалок бўлганини ҳам тилга олган. Сибиха эса, мавжуд маълумотларга кўра, бу қурбонларга Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан дроннинг уриб туширилиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
"Агенство. Новости" Телеграм-канали икки нафар ҳарбий экспертга таяниб, учувчисиз қурилманинг ҳаракат траекторияси унинг пляжда дам олаётган одамлар устига Россия ҳаво мудофааси ҳаракатлари оқибатида тушган бўлиши мумкинлигини кўрсатишини ёзган. ОСИНТ-таҳлилчи Кирилл Михайловнинг тахминига кўра, ҳодиса мобил ўт очиш гуруҳи фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни пайтда ушбу версиялар мустақил равишда тасдиқлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.
Сибиха ЮНИСЕФнинг Днипропетровск вилоятида бир оиладан ҳалок бўлган болалар сонига оид маълумоти ҳам нотўғри эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида бир оиладан уч эмас, етти нафар бола ҳалок бўлган. Украинанинг НВ нашри Днипропетровск вилояти Кривий Рих туманидаги Радушное посёлкасида 6 ёшли Эмилия, 11 ёшли Азарий ва 17 ёшли Марк Вороновлар ҳалок бўлгани ҳақида ёзган. Нашр маълумотларига кўра, ҳужум пайтида уйда ушбу оиланинг яна бир нечта фарзанди - 15 ёшли Доминика, 14 ёшли Виорика, 12 ёшли Захарий ва 10 ёшли Вероника ҳам бўлган. Шунингдек, оиланинг бир ярим ёшли набираси Артём ҳам уйда бўлгани айтилмоқда. Уларнинг барчаси вайроналар остида ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган.
Сибиха 8-август куни Киев вилоятига қилинган зарба оқибатида 3 ёшли бола ҳалок бўлганини ҳам эслаб ўтган. Украина ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи ушбу ҳодисаларни Россиянинг "ҳарбий жиноятлари" деб атаб, ЮНИСЕФни уларни очиқ қоралашга чақирди. Шунингдек, у Россияни украиналик болалар ўлимига олиб келаётган ҳужумларни тўхтатишга чақирган.
Бундан аввал, 1-август куни Сибиха Украина ҳамкорларига мурожаат қилиб, мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтириш учун қўшимча ёрдам сўраган эди. Унинг таъкидлашича, Украинага қўшимча ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, тутиб қолувчи ракеталар зарур.

