Украина аҳолисининг миллионлаб қисми ҳануз хорижда
Украина парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец маълум қилишича, ҳозирда 8,4 миллиондан ортиқ Украина фуқароси мамлакат ташқарисида яшамоқда. Унинг таъкидлашича, давлатнинг асосий вазифаларидан бири хориждаги ҳар бир фуқаро ўзини унутилмаганини ҳис қилиши ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишонч ҳосил қилишдир.

Украина аҳолисининг миллионлаб қисми ҳали ҳам хорижда истиқомат қилмоқда. Бу ҳақда Дмитрий Лубинец 4-август куни Украинанинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг йиллик йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди.
Омбудсман ўзининг Телеграм саҳифасида шундай ёзди: "Бугун 8,4 миллиондан ортиқ фуқаромиз Украина ташқарисида. Бизнинг бурчимиз - уларнинг ҳар бири Украина уларни унутмаганини ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр эканини билишини таъминлаш".
Лубинец бу рақамни тўғридан-тўғри Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғламаган бўлса-да, унинг баёнотлари уруш оқибатлари муҳокама қилинган йиғилиш доирасида янгради.
Омбудсманнинг сўзларига кўра, ҳозир ҳам минглаб Украина фуқаролари Россия асирлигида сақланмоқда. Шунингдек, 20 мингдан ортиқ украиналик бола ноқонуний равишда Россия ҳудудига олиб кетилган.
У жорий йилнинг июн ойида ҳам 2014-йилдан буён, яъни Россия Қримни қўшиб олиб, Украина ҳудудларининг бир қисмини босиб олган даврдан бошлаб, мамлакатдан тахминан 8,5 миллион киши чиқиб кетганини маълум қилган эди.
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, 2022-йилдан буён Украинадан 5,7 миллион киши уруш туфайли бошқа давлатларга бошпана излаб чиққан.
Шу билан бирга, Эуростат маълумотларига кўра, 2026-йил июл ҳолатида Европа Иттифоқида 4,38 миллион украиналик вақтинчалик ҳимоя мақоми билан яшамоқда. Улардан энг кўпи Германияда - 1,283 миллион нафар, Полшада - 967,5 минг нафар ва Испанияда - 267,4 минг нафарни ташкил этади.
Украина ҳукумати уруш бошланганидан буён мамлакат аҳолиси сони бўйича мунтазам расмий ҳисоботларни эълон қилмаяпти. Давлат статистика хизмати раҳбари Арсен Макарчукнинг таъкидлашича, аҳоли сонини аниқ ҳисоблаш уруш тугаганидан кейин камида 1,5–2 йил ўтгачгина мумкин бўлади.
Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан олдин, Қрим ва ўша вақтда босиб олинган Донецк ҳамда Луганск ҳудудларини ҳисобга олмаган ҳолда, Украина аҳолиси 41 миллиондан ортиқ эди.
Украина Миллий фанлар академияси эса 2026-йил 22-июлда эълон қилган баҳолаш натижаларига кўра, ҳозирда Киев назоратидаги ҳудудларда тахминан 27–28 миллион киши яшамоқда. Бу ҳақда Демография ва ҳаёт сифати тадқиқотлари институти директорининг ўринбосари Александр Гладун маълум қилган.

