Дунё

Россиянинг тунги ҳужумлари: болалар ҳам қурбон бўлди

Россия қўшинлари 4-августга ўтар кечаси ва эрталаб Украинанинг бир қатор вилоятларига ракета, бошқарилувчи авиабомбалар ва ҳужумкор дронлар билан оммавий ҳужум уюштирди. Ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди, турар жойлар ва фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етди.

Россиянинг тунги ҳужумлари натижасида болалар ҳам қурбон бўлди.

Украина Ички ишлар вазирлиги ва Давлат фавқулодда вазиятлар хизматининг хабар беришича, Миколайив шаҳрида турар жой секторига қилинган ҳужум оқибатида 89 ёшли аёл вафот этган. Яна етти киши, жумладан, икки ва 12 ёшли қизлар жароҳатланган.

Суми шаҳрида Россия қўшинлари шаҳарнинг фуқаролик инфратузилмасига олтита бошқарилувчи авиабомба ташлаган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг маълумотига кўра, ҳужум натижасида беш ва ўн ёшли икки қизалоқ ҳамда бир кекса аёл ҳалок бўлган. Тўрт киши кучли стресс ҳолати билан шифокорларга мурожаат қилган.

Ҳужумлар туфайли турар жой бинолари ва бошқа иншоотлар вайрон бўлган. Қутқарув ишлари давом этаётган вақтда амалга оширилган такрорий зарбалар натижасида қутқарувчиларнинг техникаси ҳам шикастланган. Шунингдек, Россия ҳужумлари ортидан Суми вилоятида кенг кўламли электр таъминоти узилиши юз берган.

Донецк вилоятининг Краматорск шаҳри марказига икки бошқарилувчи авиабомба тушган. Вилоят раҳбари Вадим Филашкин ва шаҳар мери Александр Гончаренконинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 22 киши жароҳатланган.

Харкив вилоятининг Балаклея шаҳрида ракета турар жой яқинига келиб тушиши натижасида икки киши жароҳат олган. Одесса вилоятидаги Белгород-Днестровский шаҳрида ҳам яна икки киши яраланган.

Днипро шаҳрида омборхоналар нишонга олинган, аммо у ерда ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Чернихив вилоятининг Новгород-Северский туманида эса почта инфратузилмаси объектига берилган зарба оқибатида ёнғин келиб чиққан.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг маълум қилишича, 4-августга ўтар кечаси Россия Ростов вилоятидан «Искандер-М» баллистик ракетасини учирган ва Украина ҳудудига 136 та зарбали дрон йўналтирган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Украина ҳаво мудофаа тизимлари 117 та дронни йўқ қилган ёки радиоелектрон кураш воситалари орқали зарарсизлантирган. Шунга қарамай, баллистик ракета ва 14 та дрон 14 та ҳудудга зарба берган, яна уч жойда эса уриб туширилган нишонлар парчалари ерга тушган.

ukrainahavo mudofaasiinfratuzilma zararidron hujumlarirossiya hujumlaribolalar qurbonlaritinch aholiraketa hujumlari