Дунё

Россия Украинага қанотли ракеталар учирди, Лвовда турар жой ҳужумга учради (видео)

Россия Украинага қанотли ракеталар билан ҳужум қилди, Лвовда турар жой бинолари нишонга олинди (видео)

30-июлга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Лвов шаҳрига қанотли ракеталар билан зарба берди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳужум натижасида шаҳардаги кўп қаватли турар жой биноларига шикаст етган.

Лвовдаги ракета ҳужуми оқибатида иккита кўп қаватли уй зарар кўрган. Воқеа жойида қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Ҳужум пайтида шаҳарда бир қатор портлашлар содир бўлгани қайд этилган. Расмийлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаоллашгани ҳақида огоҳлантирган.

Кейинроқ шаҳар мери Андрей Садовийнинг сўзларига кўра, Лвовда Патон ва Виговский кўчаларидаги турар жой бинолари ҳужум натижасида ёниб кетган. "Қутқарув операцияси давом этмоқда. Барча зарур хизматлар воқеа жойида ишламоқда", деди мер.

Ижтимоий тармоқларда шаҳарга қилинган ҳужум оқибатларини акс эттирувчи кадрлар тарқалди. Видеода Россия ракетаси кўп қаватли уйнинг бир қисмини вайрон қилгани ва воқеа жойида кучли ёнғин содир бўлгани кўрсатилган.

Ҳужум натижасида камида олти киши жароҳат олган ва уларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Қутқарувчилар вайроналарни тозалашда давом этмоқда, ҳодиса жойларидаги ёнғинлар эса операцияни қийинлаштирмоқда.

Украина бўйлаб ҳужумлар: Киев, Харков ва Кривой Рог

Россия армияси 30-июлга ўтар кечаси Киев, Харков ва Кривой Рог шаҳарларига ҳам зарбалар берди. Украина пойтахтининг бир неча туманида вайронагарчиликлар ва ёнғинлар қайд этилди, бир киши ҳалок бўлди. Харковда эса "Шаҳед" дронлари Новобаварск туманидаги саноат зонасига ҳужум қилди.

Энг оғир талафот Кривой Рогда кузатилди. Шаҳар чеккасидаги Радушное қишлоғида "Искандер-М" баллистик ракетаси кўп болали оила яшайдиган хусусий уйга келиб тушди. Оқибатда олти киши, жумладан, 5 ва 12 ёшли қизлар ҳалок бўлди.

Шунингдек, саккиз киши, жумладан, олти ва 15 ёшли болалар турли даражада жароҳат олди. Вайроналар остида ҳамон одамлар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

rossiyaukrainaurushraketa hujumikiyevlvovxarkovkrivoy rog