Украина бош вазири Юлия Свириденко истеъфога чиқарилди.
Украина Олий Радаси бош вазир Юлия Свириденко ва Вазирлар Маҳкамасининг истеъфосини қўллаб-қувватлади..

Украина бош вазири Юлия Свириденко истеъфога чиқди. Украина Олий Радаси Свириденко ва Вазирлар Маҳкамасининг истеъфосини тасдиқлади.
«Суспилне» маълумотларига кўра, Свириденконинг истеъфосини 258 депутат қўллаб-қувватлаган. Свириденко билан бирга Украина ҳукумати ҳам истеъфога чиқади.
Депутатлар янги бош вазирни 16 июл куни сайлашни режалаштирмоқда. Янги бош вазир тайинлангунча ҳукуматни бош вазир ўринбосари Денис Шмигал бошқаради.
Свириденко шундай деди: «Бир йил аввал бўлгани каби, ҳукуматнинг асосий вазифаси Россиянинг доимий ҳужумлари шароитида қишдан омон қолиш бўлади. Ўтган йили ҳам руслар бизни музлатишни хоҳлаганди. Улар буни уддалай олмади. Келгуси қишга тайёргарлик кўриш учун биз барча ҳудудларнинг барқарорлигини таъминлаш режаларини тасдиқладик ва уларни ҳар куни амалга оширмоқдамиз».
Свириденко Украина ҳукуматини бир йилдан камроқ вақт давомида бошқарди. У 2025 йил июл ойи ўрталарида иш бошлаган эди.
Свириденконинг истеъфоси Зеленский даврида ҳукумат раҳбарининг тўртинчи ўзгаришидир. У ўз истеъфосини ўтган ҳафта эълон қилган эди.
Украина матбуоти «Нафтогаз» раҳбари Сергей Корецкий янги бош вазир бўлиши мумкинлигини ёзмоқда. Свириденкога эса Украинанинг АҚШдаги элчиси лавозими таклиф қилинди, аммо у ҳозирча бу лавозимга оид қарорини эълон қилмади.

