Маҳаллий

Тошкентда меъёрдан ортиқ юк ортган ҳайдовчидан йўлга етказган зарари учун 5,5 млн сўм ундирилиши белгиланди

Тошкентда юк машинаси ҳайдовчисидан йўлга етказилган зарар учун 5,5 миллион сўм ундирилиши белгиланди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастури хабар берди.

Тошкент вилоятида ўтказилган назорат рейди давомида Қўнғирот йўл-патрул хизмати масканида икки ўқли юк машинаси текширилган. Текширув натижасида ҳайдовчи рухсат этилган 18 тонна ўрнига 21 тонна юк билан ҳаракатлангани аниқланган.

Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан маъмурий чора кўрилган. Кейинчалик Тошкент вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси йўл қопламасига етказилган зарарни ундиришни сўраб судга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи Чиноз туманидан Тошкент шаҳридаги Қўнғирот ЙПХ масканигача 45 километр масофани меъёрдан ортиқ юк билан босиб ўтган. Натижада йўл қопламаси ва конструксиясига зарар етказилган. Ҳисоб-китобларга кўра, зарар миқдори 5 миллион 562 минг сўмни ташкил этган.

Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро суди ишни кўриб чиқиб, Фуқаролик кодексининг 985-моддасига (Зарар етказганлик учун жавобгарликнинг умумий асослари) асосан даъвони қисман қаноатлантирган. Суд қарори билан ҳайдовчидан Тошкент вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси фойдасига 5 миллион 562 минг сўм ундириш ҳақида қарор чиқарилган.

Аввалроқ Чирчиқ дарёси ўзанидан рухсациз қум-шағал қазиб олингани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,9 триллион сўм зарар етказилгани ҳақида хабар берилганди.

jarimatoshkent viloyatisud qaroriyo'l harakati xavfsizligiyuk tashishortiqcha yukyo'l zararitransport qoidabuzarligi