Маҳаллий

Тошкентда коттеж савдосида товламачилик қилган ака-ука ушланди

Муқаддам судланган шахс ҳамда унинг укаси ўзаро тил бириктириб, Тошкент туманида қурилган коттеж уйни 66 минг долларга сотиб олишга келишган. Улар уй эгасига 30 минг доллар бериб, қолган қисмини 6 ойда беришни ваъда қилган ва коттежни нотариал тартибда расмийлаштириб олишган.

Тошкентда коттеж олди-сотдиси билан боғлиқ товламачилик ҳолати юзасидан ака-ука ҳибсга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, 1979-йилда туғилган, аввал судланган шахс ва унинг 1988-йилда туғилган укаси биргаликда Тошкент туманида маҳаллий фуқаро томонидан қурилган коттежни 66 минг долларга сотиб олишга келишган.

Дастлаб улар уй эгасига 30 минг доллар тўлаб, қолган 36 минг долларни 6 ой ичида беришга ваъда беришган. 2022-йил май ойида коттежни 1976-йилда туғилган акаларининг номига нотариал тартибда расмийлаштириб олишган. Бироқ кейинчалик ака-ука қолган 36 минг долларни бермасликларини айтиб, пулни талаб қилса, фуқарога тазьиқ ўтказиш билан таҳдид қилишган.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ака-ука қўлга олинди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда бўйича айбдор шахсларга 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

jinoyat ishiiibbkottej savdosidxxtovlamachilikfiribgarlikqamoq jazositoshkent