Тошкент марказида тўртта кўп қаватли уй ноқонуний қурилгани маълум бўлди
“Нев Порт” турар жой мажмуаси масъуллари томонидан уйи бузилган ватандошларга компенсация тўланмаётгани ҳолати ўрганиб чиқилди. Прокуратуранинг аниқлашича, одамларнинг уйлари ўзбошимчалик билан бузиб ташланган ва битта 20 қаватли, иккита 19 қаватли, битта 12 қаватли ва битта 2 қаватли турар-жой бинолари тегишли рухсатномасиз қурилган. Ҳолат бўйича жиноят иши очилди.

Тошкент марказида тўртта кўп қаватли уйнинг ноқонуний қурилгани фош этилди.
Жорий йилнинг 2-август куни ижтимоий тармоқларда “Нев Порт” турар-жой мажмуаси масъуллари томонидан Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Дамариқ МФЙ, A.Qahhor кўчаси 19-уйда яшовчи фуқароларга компенсация пуллари тўлиқ тўланмагани ва ушбу уйнинг ноқонуний бузилаётгани ҳақида видео тарқалди.
Тошкент шаҳар прокуратурасининг маълумотига кўра, ўтказилган терговга қадар текширувда “Мега Логистисс Сервисе” МЧЖ мансабдор шахслари юқорида кўрсатилган манзилда яшовчи фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмаганига қарамай, мазкур уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланган.
Шунингдек, қурилишга тегишли рухсатнома олмасдан туриб, ушбу ҳудудда 1 та 20 қаватли, 2 та 19 қаватли, 1 та 12 қаватли ва 1 та 2 қаватли турар-жой биноларининг ўзбошимчалик билан қурилгани маълум бўлди.
Текширув натижасига кўра, “Мега Логистисс Сервисе” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови алоҳида назоратга олинган бўлиб, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева шаҳар прокурорига бутун пойтахт бўйича қурилишларни инвентаризациядан ўтказишни буюрган эди.
“Қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ва аҳоли ҳуқуқларига қай даражада риоя қилинганини текшириш шарт. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан муросасиз жазо чоралари кўрилади, айбдорлар, керак бўлса, ҳатто озодликдан маҳрум этилади”, деганди Мирзиёева.
Аввалроқ Олмазор туманида қурилиш олиб борилаётган ҳудудда ер ўпирилиб тушганди.

