Маҳаллий

Тошкентда кўп қаватли уй ёнидаги қурилишда котлованнинг бир қисми қулаб тушди (видео)

Олмазор туманида жойлашган кўп қаватли уй ёнидаги қурилиш обьектида котлован ва асфалт йўлнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Тарқалган видеоларда электр кабели шикастлангани ҳам акс этган. Ҳокимлик жабрланганлар йўқлиги, махсус комиссия тузилгани ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Тошкентда кўп қаватли уй ёнидаги қурилишда котлованнинг бир қисми қулаб тушди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Орзу массивида жойлашган кўп қаватли уй яқинидаги қурилиш котлованининг бир қисми ўпирилиб тушганини акс эттирувчи видеолар тарқалди.

Хабарларга кўра, ушбу ҳодиса натижасида асфалтнинг бир қисми чўккан ва унинг остида бутунлай бўшлиқ пайдо бўлган. Бу эса йўлнинг янада чўкиш хавфини келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, электр кабели шикастланиб, ёнғин чиққани ва натижада ҳудуд электр таъминотисиз қолгани маълум қилинган. Тарқалган видеоларда ҳодиса оқибатида ищилар орасида жароҳатланганлар борлиги кўринади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, ҳозирда ҳодиса натижасида жабрланганлар ва тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар йўқлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, вазият шаҳар ҳокимининг шахсий назоратига олинган. Унинг топшириғига биноан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспексияси, прокуратура органлари ҳамда Олмазор тумани ҳокимлиги вакилларидан иборат тезкор махсус комиссия тузилган.

Ҳозирда воқеа жойида хавфли ҳудудни ўраб олиш, унга киришни чеклаш ва фуқаролар хавфсизлигига таҳдидни бартараф этиш бўйича дастлабки чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини, шунингдек, ёндош ҳудуд, йўл қопламаси ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.

“Текширув натижалари бўйича масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва қурилиш меъёрларининг бузилишига йўл қўйган барча шахслар, шубҳасиз, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳокимлик тезкор маълумот тақдим этгани ва фаол фуқаролик позицияси учун аҳолига миннатдорлик билдириб, барча қурилиш ишлари иштирокчиларини хавфсизлик меъёрларига қатъий риоя қилишга чақирган.

toshkentxavfsizlikjarohatlartergovqurilishkotlovanqulashelektr uzilishi