Маҳаллий

Тошкентда кўп қаватли уй ёнидаги котлован ўпирилиб тушгани ортидан жиноят иши очилди

Олмазор туманидаги қурилишда котлован ўпирилиши ортидан МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳодисада 1 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Аввалроқ шаҳар ҳокимлиги жабрланганлар йўқлигини маълум қилган эди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида кўп қаватли уй ёнидаги қурилиш котлованининг бир қисми ўпирилиб тушиши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов "Газета"га маълум қилди.

Воқеа 2-август куни Орзу массивида, кўп қаватли уй яқинида содир бўлган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспексиясининг хабарига кўра, қурилаётган меҳмонхона ҳудудида котлован қазиш жараёнида пудрат ташкилотининг эҳтиёцизлиги туфайли котлованнинг бир қисми ўпирилган.

Мазкур ҳолат бўйича алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш)да назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши очилган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳодиса натижасида 1 киши жароҳат олган ва ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Аввалроқ, воқеа жойидан олинган видеолардан бирида жароҳатланган шахс бўлиши мумкинлиги айтилган эди. Бироқ, пойтахт ҳокимлиги хабар эълон қилинган вақтда тиббий ёрдам сўраб ҳеч ким мурожаат қилмаганини таъкидлаган эди.

Ҳолат юзасидан шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг топшириғига биноан ФВБ, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспексияси, прокуратура органлари ва Олмазор тумани ҳокимлиги вакилларидан иборат тезкор махсус комиссия тузилган.

Ҳокимлик хабарида шундай дейилган: "Текширув натижалари бўйича масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва қурилиш меъёрларининг бузилишига йўл қўйган барча шахслар, шубҳасиз, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади".

tashkentcriminal caseinvestigationinjuryconstruction accidentabuse of powerpit collapselabor protection violation