«Яшаб турган уйимни сотиб тўлов қилгандим»: Тошкент туманида юзлаб фуқароларнинг хонадон умидлари пучга чиқмоқда
Тошкент вилояти Тошкент тумани Бештерак маҳалласидаги 6 гектар ҳудудда коттежлар қурилиши керак эди. Янги ҳовлига эга бўлиш умидида юзлаб фуқаролар шартнома қилиб, тўловларни амалга оширган.

«Яшаб турган уйимни сотиб тўлов қилгандим»: Тошкент туманида юзлаб фуқароларнинг хонадон умидлари пучга чиқмоқда
Тошкент вилояти Тошкент туманининг Бештерак маҳалласида жойлашган 6 гектар майдонда коттежлар қурилиши режалаштирилган эди. Янги уйга эга бўлиш ниятида бўлган юзлаб фуқаролар шартномалар имзолаб, тўловларни амалга оширганлар.
Бироқ, қурувчи фирма эгаларининг жиноий ҳаракатлари туфайли барча ишлар тўхтаб қолган ва "Олтин макон" лойиҳаси доирасидаги қурилишлар чала ҳолатда қолган. Натижада, оддий одамларнинг орзу-умидлари ярим қолган қурилишлар, имзоланган шартномалар ва жавобсиз саволлар билан алмашган.
Гап шундаки, Тошкент туманининг Бештерак маҳалласида "Олтин макон" замонавий коттеж шаҳарчаси сифатида реклама қилинган. Харидорларга 171 та икки қаватли, ҳар бири 178 квадрат метр бўлган ҳовли уйлари таклиф этилган. Энг жозибали жиҳати – 24 ойгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти мавжудлиги эди. Шартнома шартлари оддий бўлиб, харидор камида 50 фоиз тўловни амалга ошириши, қолганини муддатли тўловда тўлаши керак эди. Ҳар бир фуқаро билан икки томонлама шартнома тузилган ва барча жараёнлар қонуний кўринган.
Аммо вақт ўтиши билан барчаси рекламадагидек ажойиб тарзда якунланмади. Қурилиш ишлари тўхтаб қолди, кўплаб коттежлар ўз вақтида эгаларига топширилмади.
Жабрланувчилардан бири Бахтиёр Раҳимхўжаевнинг сўзларига кўра, шартномалар 2023-йил 1-июндан бошлаб тузилган, қурилиш ишлари бошланган ва коттежлар 2025-йил март ойида фойдаланишга топширилиши ваъда қилинган. Бироқ, 2025-йил бошида қурилиш ишлари ҳеч қандай тушунтиришсиз тўхтатилган.
"Биз масъулларга чиқишга, қўнғироқ қилиб вазиятни аниқлашга ҳаракат қилдик, аммо ҳеч қандай жавоб олмадик. Шундан кейин фуқаролар ўзимиз бирлашиб, қурилишни давом эттиришга қарор қилдик ва ишларни ҳам бошладик. Лекин бу сафар ҳам янги таъсисчи томонидан қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида буйруқ берилди. Ҳозир биз кутаётган нарса адолатли ечим. Судда 31 нафар фуқарога уйларни натура шаклида бериш ёки фуқаролик судига мурожаат этиш тавсия қилинди. Шу билан бирга, бу ердаги ер майдонини ауксионга чиқариш масаласи ҳам кўрилмоқда. Бизнинг асосий талабимиз – ауксионни тўхтатиш. Чунки ер сотилиб кеца, қолган ҳудудлар ҳам ауксионга чиқарилиши мумкин. Натижада одамлар нафақат тўлаган пулларидан, балки ўз маблағи ҳисобидан қуриб битказган уйларидан ҳам айрилиб қолиши мумкин", - дейди жабрланувчи.
Кутишдан чарчаган баъзи харидорлар охир-оқибат уйларини ўз маблағи ва ўз кучи билан қуриб битиришга мажбур бўлганлар, аслида улар аллақачон қурувчига тўлаган пул эвазига бажарилиши керак бўлган ишларни яна бир бор ўз чўнтагидан молиялаштирганлар. Бугунги кунда қўлида шартнома, тўлов квитансиялари бўлган юзлаб оилалар ҳамон ўз уйига тўлиқ эгалик қила олмаяпти, на кўчиб кириш ҳуқуқи, на мулк ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилган.
"Минг афсуски, ҳозир уйни яшаш мумкин бўлган ҳолатга ўз кучимиз ва ўз маблағимиз ҳисобидан келтиришга мажбур бўляпмиз. Ҳозирча бунинг бошқа иложи йўқ. Шартномага кўра, мен уй учун тўловнинг 80–90 фоизини амалга оширганман. Шунга қарамай, қурувчи ишларнинг тахминан 50 фоизинигина бажарди. Қолган қарийб 30 фоиз қурилиш ишларини эса ҳозир ўзим қиляпман. Уйнинг фақат ташқи сувоқлари қилинган, ички пардозлаш ишлари эса умуман битказилмаган", - дейди чала битган коттежда яшаётган фуқаро.
Kun.uz ушбу коттежларни барпо этувчи "Ғолиба Агро Плюс" МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши тафсилотларини ўрганди. Маълум бўлишича, Учтепа туман судининг 2026-йил 9-июндаги ҳукми билан "Ғолиба Агро Плюс" МЧЖнинг норасмий раҳбари Акбаржон Жўраев ва бошқа шахслар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди, яъни жуда кўп миқдордаги фирибгарлик жинояти бўйича айбдор деб топилиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
Жабрланганларни энг кўп ташвишга солаётган нарса ҳукмнинг зарарни ундиришга оид қисми билан боғлиқ. Ҳукмга кўра, "Ғолиба Агро Плюс" МЧЖга қарашли Тошкент тумани "Бештерак" МФЙ Шуҳрат кўчаси 56-уйда жойлашган, умумий майдони 6 гектар бўлган ҳудуд, яъни одамларга сотилган коттежлар қурилган бутун бошли ҳудуд Мажбурий ижро бюроси орқали очиқ савдога чиқарилади. Сотувдан тушган маблағ эса жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплашга йўналтирилиши белгиланган.
Кўринишидан мантиқий ечим. Аммо аслида бу ерда яна бир зиддият яширинган. Гап шундаки, суд ҳукми "Олтин макон"нинг барча 171 харидорини эмас, балки уларнинг фақат бир қисмини, аниқроғи 58 нафарини қамраб олган. Қолган 123 нафар харидорнинг иши эса ҳали тергов босқичида давом этмоқда.
Агар ҳукм ўз кучида қолгудек бўлса, ҳудуд келажакда сотувга чиқарилиши мумкин. Бу ерга пул, меҳнат ва умрини сарфлаган юзлаб оилалар эса ваколатли идораларнинг адолатли қарори ва ечимларини умид билан кутмоқда.

