Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунланди

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувидаги иштироки якунланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон раҳбари ва рафиқасини “Иссиқкўл” аеропортида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва рафиқаси кузатиб қўйган.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш, савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, транспорт, сув-энергетика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шунингдек, Давлатлараро кенгашни тузиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, давлат чегараси, ижтимоий ҳимоя ва пенсия таъминоти, олий таълим, фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиши, маданият, туризм ҳамда агросаноат мажмуаси соҳаларига оид қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, янги саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Қамбарота-1 ГЕС қурилишини жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришди.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёевга Қирғизистоннинг олий давлат мукофоти — И даражали “Манас” ордени топширилди.
Президент, шунингдек, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида қатнашиб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, рақамли хизматлар, таълим, илм-фан, инновациялар, иқлим ўзгариши ва гуманитар алмашинув масалалари бўйича ўз нуқтайи назарини баён қилди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Қирғизистондаги илк халқаро тоифадаги голф клуби, янги беш юлдузли “Боку” меҳмонхонаси ҳамда Иссиқкўлда сув-мотор спорти бўйича чемпионатнинг очилиш маросимларида ҳам иштирок этди.

