Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди
Чўлпонотада Ўзбекистон – Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди.
Чўлпонотадаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўртасида тор доирадаги ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якунида 1,2 миллиард долларга етди. 450 та қўшма корхона ташкил этилди ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Тараққиёт фонди самарали фаолият юритмоқда.
Шаҳарлар ўртасида 15 та авиақатнов ва 5 та автобус йўналиши йўлга қўйилган.
Ушбу ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа қатор тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Шунингдек, Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.
БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.
Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида янги савдо шартномалари ва инвестиция келишувларининг тўплами қабул қилинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Қамбарота ГЕС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашилди.
Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур темир йўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.
Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш нуқталари экани таъкидланди.
Бу борада жорий йил якунига қадар барча вилоятлар иштирокида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши ҳамда уларнинг ўзаро ташрифлари жадвали тасдиқланиши белгилаб олинди.
Маданият, ёшлар, туризм, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Музокаралар давомида Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартиби бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган ахборотлари тингланди.
Якунда Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. Жумладан:

