Дунё

Покистон собиқ бош вазири Британияда қизларни зўрлашда гумонланиб ушланган — Тҳе Гуардиан

Покистоннинг собиқ давлат вазири Руҳсор Аҳмад Буюк Британияда ёш қизларни зўрлашда гумонланиб ҳибсга олингани маълум бўлди, дея хабар берди Тҳе Гуардиан.

62 ёшли сиёсатчи 1990-йилларда Манчестерда содир этилган жиноятлар юзасидан қўлга олинган. У номусга тегиш ва болалар савдосида гумон қилинмоқда. Ҳозирда у гаров эвазига озодликда бўлиб, полиция назоратида қолмоқда. Шунга қарамай, ўтган ҳафта Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф партиясидан Озод Жамму ва Кашмир қонунчилик ассамблеяси депутатлигига сайланган.

Аҳмад 2024-йил 18-июл куни узоқ йиллар яшаган Рашолм туманидаги болаларга нисбатан жинсий зўравонлик иши доирасида Манчестер аеропортида қўлга олинган. Терговчилар уни камида икки аёлнинг болалигида зўрлангани ва одам савдосига жалб этилганига оид аризалар асосида сўроқ қилган. Гап 1990-йилларнинг бошларида, Аҳмад тахминан 30 ёшда бўлган пайтда, болалар уйлари тарбияланувчиларига нисбатан содир этилган зўравонликлар ҳақида бормоқда. Манчестер полицияси унга Британияни тарк этишини тақиқлашга уринган, бироқ 2024-йил июлида суд гаров шартларини қатъийлаштиришни рад этган.

2026-йил июлида Аҳмад Манчестер полиция бўлимига келиши керак эди, бироқ “касаллиги сабабли парвоз қила олмаслиги”ни важ қилиб, бормаган. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда унинг Покистон шимолидаги Мирпур шаҳрида ўтказилган сайловолди тадбирларида иштирок этаётгани акс этган суратлар тарқалган. У яқин олти ҳафта ичида полицияга келиши кутилмоқда. Акс ҳолда, полиция уни ҳибсга олиш учун ордер бериши ёки экстрадиция жараёнини бошлаши мумкин. Бу эса икки давлат ўртасида дипломатик можаро юзага келиши эҳтимолини оширади.

Аҳмад ўнг марказчи Покистон мусулмон лигаси вакили бўлиб, 2006–2021-йилларда, ваколатини йўқотгунига қадар, Озод Кашмир ҳукуматида вазирлик лавозимларида ишлаган. Терговчиларнинг айтишича, улар Аҳмаднинг сиёсий фаолияти ҳақида фақат сўроқ давомида хабар топган. Аҳмад, шунингдек, Манчестердаги Гужжар Паласе ресторанининг эгаси ҳисобланади. У май ойида Рашолмда ҳам кўриниш берган.

Аввалроқ Канадада 93 ёшли миллиардер Френк Стронахни икки нафар аёлга нисбатан жинсий зўравонлик ва шилқимлик қилишда айбдор деб топилганди. Форбес маълумотларига кўра, Стронахнинг бойлиги 2018-йилда 1,5 миллиард долларга баҳоланган. Миллиардерга нисбатан суд ҳукми шу йилнинг 17-сентябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.

jinoyattergovbuyuk britaniyapokistonsiyosatchi hibsga olindijinsiy zo'ravonlikbolalar savdosiruhsor ahmad