Дунё

Покистонда худкуш террорчи ўзини портлатди, 14 киши ҳалок бўлди (видео)

Покистонда худкуш террорчи ўзини портлатиб юбориши оқибатида 14 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ал Жазеера хабар берди.

Воқеа 2-август куни Афғонистон билан чегарадош Хайбар-Пахтунхва провинсиясида, полиция бўлинмаси олдида содир бўлган. Худкуш террорчи полиция бўлинмасига кириш қисмида тўхтатилган ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни текшираётган пайтда портловчи мосламасини ишга туширган.

Ҳужум натижасида камида 14 киши ҳалок бўлди ва бир неча киши жароҳат олди. Қурбонларнинг беш нафари полициячи, саккиз нафари эса тинч аҳоли вакилларидир. Жароҳатланганлар Сайду Шариф шаҳридаги шифохонага етказилган, уларнинг баъзиларининг аҳволи оғир эканлиги айтилмоқда.

Покистон ички ишлар вазири Муҳсин Нақвий ушбу ҳужумни қоралаб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Хавфсизлик кучлари ҳудудни ўраб олган ва тергов ишларини бошлаган.

Портлаш юзлаб намойищиларнинг ёнида содир бўлган. Улар провинсияда авж олаётган зўравонликларга қарши чора кўришни талаб қилишган. Портлаш охирги нотиқ нутқ сўзлаётганида юз бериб, омма орасида саросима келтириб чиқарган. Намойишда сўзга чиққанлардан бири шундай деган: “Биз кўп йиллик қон тўкилишларига гувоҳ бўлдик. Биз яна бир авлод бевалар ва етимлар бўлишини истамаймиз”.

Ушбу ҳодисадан атиги уч кун олдин Хангу туманидаги назорат-ўтказиш пунктида портловчи моддалар ўрнатилган дронлар ёрдамида уюштирилган пистирмада 11 нафар полиция ходими ҳалок бўлганди. Июл ойи охирида эса яқин атрофдаги Танк шаҳрида машинанинг портлатилиши оқибатида 27 нафар аскар ўлган. Бу ҳужум учун масъулиятни “Таҳрики Толибон Покистон” ўз зиммасига олган.

Покистон Можаролар ва хавфсизликни ўрганиш институти тадқиқотчилари июл ойида вилоят бўйлаб “терроризмга алоқадор” 154 та ўлим ҳолатини қайд этган, бу июн ойидаги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.

Покистон бир неча бор Афғонистоннинг “Толибон” ҳукуматини чегара орқали ҳужумлар режалаштираётган жангариларга бошпана беришда айблаб келади, Кобул эса бу айбловларни рад этади.

casualtiestalibanpakistanpoliceterrorismsuicide bombingkhyber pakhtunkhwaafghanistan border