Одамларни хорлаган қурилиш: "Нев Порт"даги қонунсизликлардан "катталар" ҳам хабардор бўлган
Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Дамариқ маҳалласида қурилаётган Нев Порт турар жой мажмуаси атрофидаги можаро етти йилдан бери давом этмоқда. Айрим хонадонлар зўравонлик билан бузилиб, эгалари мажбуран кўчирилди, қолган мулкдорлар эса ҳалигача судларда ўз ҳақини талаб қилмоқда.

**"Нев Порт"даги қонунсизликлар: "Катталар" ҳам хабардор бўлган, одамлар эса хорланган**
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Дамариқ маҳалласида жойлашган "Нев Порт" турар жой мажмуаси атрофидаги можаро етти йилдан буён давом этмоқда. Бу жараёнда айрим хонадонлар зўравонлик билан бузилиб, эгалари мажбуран кўчирилди, қолган мулкдорлар эса судларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишда давом этмоқда.
Kun.uz мухбири Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Улар компенсация миқдори мулкдорларнинг розилигисиз белгиланганини ва ижро ҳаракатлари шубҳали тарзда амалга оширилганини таъкидладилар. Бундан ташқари, одамлар яшаб турган уйлардан атиги 10 метр масофада цемент заводи қурилган.
**"Адолат қаерда?"**
Хонадон эгаларидан бири Жамшид Ражабов суд жараёнларидан норози эканини билдирди: "Кўчамиздаги асфалтларни бузишди, болаларимизнинг мактаб-боғчаларга бориш йўлларини бузишди. Ҳозир биз ҳаммамиз улар билан судлашяпмиз ва суд ишлари бизнинг фойдамизга ҳал бўлмаяпти. Сабаби судялар бизни умуман эшитмаяпти. Судда икки тарафга келишиш учун бир ҳафта муҳлат бериляпти. Бир ҳафтадан кейин судда даъвогар томон ўз фикрини ўзгартирмаслигини айтганда судя уларнинг фойдасига ҳукм ўқияпти. Бу кулгили нарса. Адолат қаерда?"
**"Бизнинг устимиздан кулишяпти"**
Яна бир мулкдор Шавкат Хидировнинг сўзларига кўра, қурилиш майдонидаги цемент ишлаб чиқариш фаолияти яшаш шароитига жиддий таъсир кўрсатган: "Уйимнинг олдига цемент заводи қурган, уйим билан ораси 10 метр. Ҳар куни 02 қиламан, келмайди. Бунинг учун судя менга 3 оклад жарима солди ва 1 йилга арестоват қилди. Худди мен кимнидир ўлдиргандай. Чунки кечқурун шовқин, тўполон, ҳар куни 20-30 та машина келади. Бу ерда цемент сотади улар. Цемент шунақа оқади (ҳовлига). Экология қўмитасигаям, Санепидемиягаям телефон қилдим. Келади, ёзади, кетади. Ўзгариш йўқ. Суд бизга бошқача гапиради, кейингиси яна бошқача гапиради. Қўпол бўлсаям, пул олган бўлса керак деб ўйлайман. Яккасарой туман судялари, шаҳар судялари кўрди ишни, энди Олий суддан умид қиляпман. Энг асосийси бизнинг жуда устимиздан кулишяпти. Ҳожатхонасини уйимнинг тагига қуриб қўйишган, ҳар якшанба куни тортади, ҳиди сасиб кетади."
Фуқароларнинг маълум қилишича, қурилищи компания аҳолини мажбурий кўчириш бўйича судга мурожаат қилган. Уларнинг фикрича, компенсация миқдори ҳам мулкдорлар розилигисиз белгиланиб, ижро учун Мажбурий ижро бюросига юборилган.
**"Одил судловга шубҳа уйғоняпти"**
Мулкдор Мирвоҳид Мирҳабибовнинг таъкидлашича, ҳудудни ажратиш бўйича қабул қилинган қарорда белгиланган талаблар бажарилмаган: "Ҳокимнинг қарорида улар тўлиқ мулк ҳуқуқига эга бўлмайди бу компания, бу захиралашга олинсин деб. Яъни ҳамма фуқаролар кўчириб чиқарилиб кейин қурилиш бошлаш керак эди. Улар шу нормаларни бажармасдан қурилиш бошлашди. Бу уларнинг катта хатоси бўлди. Бу ҳақида бир неча марта Қурилиш инспексиясига ёзганимизда бунга аниқ жавоб беришмасдан умумий гаплар билан чекланишди. Ҳуқуқшунослар биладики, агар қарорда мажбурий кўчириш асослари кўрсатилмаган бўлса ҳеч ким мажбурий кўчиришга даъво аризаси кирита олмайди. Бунга ҳаққи йўқ. Лекин судлар бу нарсани бошқа томонга буриб юборди: бизни уйдан кўчириш мумкин-мумкинмаслиги қолиб, масалани компенсация мазмунига буриб юборди. Энди ўз-ўзидан агар биз энди судга бериш учун 2 фоиз давлат божи тўлашимиз керак. Бизга йўқ жойдан харажат чиқаришди. Бу қайсидир учун 60 миллион, кимдадир 200 миллион бўлади. Буни фуқаро тўлай олмайди. Бу ҳали бизнинг фойдамизга ҳал бўладими-йўқми билмаймиз. Одил судловга шубҳа уйғоняпти."
**Ҳамма хабардор эди...**
Маълумотларга кўра, мазкур ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимининг 128-сонли қарори билан қурилиш учун ажратилган. Шунингдек, бир йил аввал объектга Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, туман прокурори Бекзод Шамсиев, ҳоким ўринбосарлари ҳамда ищи гуруҳ таркибида Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов ташриф буюрган.
Фуқароларнинг айтишича, мажбуран кўчирилган айрим хонадон эгаларига компенсация тўлиқ тўланмаган ва баъзиларига ҳужжатларга алдов йўли билан имзо қўйдирилган.
Орадан бир йил ўтиб эса Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан расмий ахборот берди. Унда қайд этилишича, фуқароларнинг уйлари ўзбошимчалик билан бузилган, уларнинг ўрнида эса тегишли рухсатномаларсиз битта 20 қаватли, иккита 19 қаватли, битта 12 қаватли ва битта 2 қаватли бинолар қурилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бу ҳолат бир қатор саволларни кун тартибига чиқармоқда. Агар давлат идоралари бу қурилишдан хабардор бўлган бўлса, нега қонунбузилишлар қурилиш жараёнининг ўзида бартараф этилмаган? Нега 19–20 қаватли бинолар қад ростлагандан кейингина уларнинг рухсациз қурилгани ҳақида маълумот берилмоқда?
Яна бир муҳим масала: мазкур мажмуадан хонадон сотиб олган фуқаролар тақдири. Агар қурилишда ҳақиқатан ҳам қонунбузилишлар бўлган бўлса, уларнинг мулк ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинади? Бу саволга ҳозирча расмий жавоб йўқ.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева пойтахтдаги барча қурилишларни тўлиқ инвентаризация қилишни топшириб, қонун бузилиши аниқланган ҳолларда масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирган эди.

