Норвегия миллий жамоасини мамлакатда қироллик оиласи ва 90 минг мухлис кутиб олди (фото)

Норвегия миллий жамоаси мамлакатда қироллик оиласи ва 90 минг мухлис томонидан кутиб олинди (фото)
ЖЧ-2026 мусобақасида чорак финалгача етиб бориб, ўзига хос тарих яратган Норвегия миллий жамоаси ўз ватанига қайтиб келди. Ослодаги Қироллик саройида Эрлинг Ҳоланд бощилигидаги футболчиларни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Норвегия қироли Ҳаралд, валиаҳд шаҳзода Ҳокон, малика Ингрид Александра ва шаҳзода Сверре Магнус иштирок этди. Валиаҳд шаҳзода Ҳокон 90 мингга яқин мухлислар билан биргаликда турнир рамзига айланган машҳур “Викинглар эшкаги” хорини ижро этди. Шунингдек, ёш малика ва шаҳзода футболчилар билан бир қаторда ўтириб, жамоани қўллаб-қувватлашди.
Фото: Яҳоо Спорц
Футболчиларни саройга таклиф қилиш қарори улар ҳали АҚШда бўлган пайтларида қабул қилинган эди. Чорак финалдаги мағлубиятдан сўнг, бўйнига миллий жамоа шарфини осиб олган шаҳзода Ҳокон кийиниш хонасига кириб, футболчиларга далда берган. Қироллик оиласининг Инстаграм саҳифасида жойлашган видеода унинг шундай дегани акс этган:
“Уйга қайтганингизда, қирол сизни саройда кутмоқда. Хафа бўлишга тўла ҳаққингиз бор, аммо биз — қолган барча норвеглар сиздан беҳад миннатдормиз ва фахрланамиз. Сизнинг бу ҳаракатингиз биз учун бебаҳодир”.
Фото: Интерфах
Маълумот учун, Норвегия терма жамоаси 1998-йилдан буён илк бор Жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этди. Эрлинг Ҳоланд жамоадошлари гуруҳ босқичида 2 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этиб, плей-офф йўлланмасига эга чиқди. Шундан сўнг норвеглар 1/16 финалда Кот-дъИвуар, 1/8 финалда эса мусобақа фаворитларидан бири Бразилия терма жамоасини мағлубиятга учратиб, ўзига хос сенсация қайд этди. Жамоанинг ёрқин юриши чорак финалда якунига етди. Улар Англия терма жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир билан хайрлашди.

