Ҳоланд ва қотирилган енот: “викинг” жамоадошлари учун 10 минг доллар сарфлади

Эрлинг Ҳоланд, Норвегия терма жамоасининг ҳужумчиси, 2026-йилги ФИФА Жаҳон чемпионатидан сўнг АҚШдан ўзига хос эсдалик совғаси сифатида панжаларида шиша ушлаб турган қотирилган енот тулумини олиб қайтди. Футболчи харид қилган буюм билан тушган суратини ижтимоий тармоқдаги саҳифасида жойлаштирди.
Маълум бўлишича, Ҳоланд ушбу сувенирни Техас штатидаги Даллас шаҳридаги Вилд Биллъс Вестерн Сторе дўконидан 750 долларга сотиб олган. Ҳозирда дўконнинг расмий сайтида шунга ўхшаш тулумлар мавжуд эмас.
Ҳоланд жамоадошлари билан бирга дўконда тахминан бир ярим соат вақт ўтказган ва умумий ҳисобда 10 минг долларлик харидни амалга оширган. Футболчилар ковбой шляпалари, енот терисидан тикилган бош кийимлар, этиклар, камарлар ва кўйлаклар сотиб олишган. Шунингдек, уларга олмахон тулумлари ҳам ёқган. Тулумларнинг нархи 450 доллардан 750 долларгача бўлган. Дўкон эгасининг сўзларига кўра, барча харидлар учун тўловни Ҳоланд ўзи амалга оширган.
Енот панжаларида ушлаб турган шиша ҳам диққатни тортади. У Буюк Британиянинг энг қадимий ичимлик брендларидан бири — Грееналлъс маҳсулоти ҳисобланади ва 1761-йилдан буён ишлаб чиқарилади. Компания Англиянинг Уоррингтон шаҳрида Томас Дейкин томонидан асос солинган. Енот панжасидаги шишада “Импортед” (“Импорт қилинган”) ёзуви кўринади.
2026-йилги ФИФА Жаҳон чемпионатида Норвегия терма жамоаси тарихда илк бор чорак финалгача етиб борди. Бироқ жамоа 12-июл куни Англияга қўшимча бўлимларда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. Турнирдан сўнг Осло шаҳрига қайтган Ҳоланд, самолёт зинапоясидан енот тулуми билан тушаётган суратини ижтимоий тармоқларда улашди.

