Маҳаллий

Мактабларда дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгартирилади

Мактабларда дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгаради. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгаргани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, 2025-йил 28-октябрда вазирлик, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Унга кўра, дарс соатларини тақсимлашда қўлланиладиган устуворлик мезонлари 19 тадан 10 тага қисқартирилган. Вазирликнинг маълум қилишича, бу ўзгаришлар ўқитувчиларнинг таклифлари асосида иш юкламасини камайтириш, дарс соатларини тақсимлаш талабларини соддалаштириш ҳамда жараённи янада шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида амалга оширилган.

Янги тартибда барча педагоглар учун тенг имконият яратиш мақсадида дунёнинг топ-1000 университетлари битирувчиси бўлиш ёки халқаро ва асосий фан олимпиадаларида ўқувчилари ғолиб бўлган ўқитувчи каби мезонлар бекор қилинган.

Эндиликда дарс соатларини тақсимлашда асосий эътибор ўқитувчининг касбий салоҳияти, натижалари, фан бўйича билимини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатлари ҳамда замонавий компетенсияларига қаратилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, янги тартиб ўз устида ишлайдиган, юқори касбий маҳоратга эга ва сифатли таълим бера оладиган педагогларга устувор равишда дарс соатлари берилишига хизмат қилади. Мазкур тизим янги ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этилади.

o‘qituvchilartaʼlimmaktabdars soatlaritaqsimlash tartibivazirliko'zgarishlarpedagogika