Маҳаллий

Олий таълимда талабалар билимини баҳолаш тартиби ўзгариши мумкин

Ўзбекистонда 2026–2027-ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинадиган талабалар учун билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Олий таълим муассасаларида талабалар билимини баҳолаш тартибига ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда.

Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, 100 баллик баҳолаш тизими ўзгаришсиз қолади. Бунда жорий назоратга 30 балл, оралиқ назоратга 20 балл ва якуний назоратга 50 балл ажратилади. Тиббиёт йўналишларида эса баллар бошқача тартибда тақсимланади.

Профессор-ўқитувчилар ҳар бир баҳоланган топшириқ юзасидан талабага камида икки-уч гапдан иборат изоҳ (фидбек) ёзишлари мажбурий бўлади.

Якуний имтиҳонлар овоз ёзиш ва видеокузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказилиши, видеоёзувлар эса камида бир йил давомида сақланиши режалаштирилган. Шунингдек, имтиҳонларни олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтлари орқали онлайн тарзда кузатиш имконияти ҳам яратилади.

Қарор лойиҳасида уч ой муддат ичида онлайн кузатув ва компютерда имтиҳон топшириш платформаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳар семестр якунида талабалар ўртасида сўровномалар ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Кўриш имконияти чекланган талабалар учун Брайл алифбоси, овозли ўқиш ва ассистент ёрдами каби мослаштирилган имтиҳон шаклларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

student assessmentgrading systemexam proceduresonline proctoringaccessibilityfeedbackhigher educationeducation reform