Жозе Моуринё “Реал”да биринчи навбатда нималарни ўзгартирмоқчи экани маълум бўлди
Жозе Моуринё “Реал”да биринчи навбатда нималарни ўзгартирмоқчи эканлиги маълум бўлди. Бош мураббий Жозе Моуринё Мадриднинг “Реал” клубида ишни аввало жамоанинг иш маданиятини ўзгартиришдан бошламоқчи. Бу ҳақда Испаниянинг Марса нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, португалиялик мутахассиснинг фикрича, клуб йирик муваффақиятларга эришиши учун барча ходимлар ва футболчилардан ҳар куни бир хил даражада фидойилик ҳамда доимий рақобатга тайёр туриш талаб этилади. Фақат шундагина жамоада чинакам ғолиблик руҳияти шаклланади. Янги “Реал” айнан мана шу ғоя устига қурилади. Гарчи асосий мақсад совринлар ютиш бўлса-да, Жозе буни амалга ошириш учун аввало кундалик иш маданиятини тубдан ўзгартиришни режалаштирган.
Моуринё клубнинг турли бўлимлари билан ўтказилган дастлабки учрашувлардаёқ бир фикрни такрорлашдан чарчамаган ва ўзининг биринчи иш кунида буни очиқ-ойдин маълум қилди: жамоа янги мавсумга ўзига хос миссия сифатида қараши керак. “Мен барчага — футболчиларга ҳам, ходимларга ҳам яхшироқ бўлишига ёрдам бериш учун келганман. Биз меҳнат, масъулият ва улкан мақсадлар маданиятини яратишимиз керак. Бу шунчаки ъРеалъда ишлаш эмас, балки ъРеалъ учун ишлаш дегани”, дейди португалиялик мутахассис.
Қайд этилишича, Моуринё аллақачон Мадрид жамоаси ўйинчиларининг индивидуал ҳисоботлари билан тўлиқ танишиб чиққан. Шунингдек, у академия тарбияланувчилари орасидан ўзи шахсан кузатиб борадиган футболчиларни ҳам ажратиб олган. Ёш иқтидор эгалари учун мавсумолди йиғинлари шунчаки ўзини кўрсатиш имконияти эмас, балки чинакам қаттиқ синов майдонига айланади. Мураббий шу орқали уларнинг энг юқори даражадаги босим ва рақобатга қанчалик тайёр эканини синаб кўрмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, португалиялик мутахассис ёзги танаффус вақтида “Реал” клуби бош мураббийи этиб тайинланган эди. У клуб билан 2029-йил 30-июнгача мўлжалланган шартнома имзолаган.

