“Реал Санжик” иши бўйича навбатдаги апелляция суди 20-июлда бўлиб ўтади

“Реал Санжик” иши бўйича навбатдаги апелляция суди 20-июлда ўтказилади. Тошкент шаҳар суди “Реал Санжик” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича расмий баёнот берди. Унда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган, суд адвокат Ойбек Ашуровнинг апелляция шикояти қабул қилинмагани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги таъкидланди. Суд ахборотига кўра, Санжар Каримовга оид жиноят иши ҳозирда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда. Аввалроқ суд мажлиси арафасида адвокат Ойбек Ашуров ОАВга берган изоҳида унинг апелляция шикояти қабул қилинмагани сабабли суд жараёни бошқа кунга қолдирилганини маълум қилган. Суднинг аниқлик киритишича, ўрганишлар давомида адвокат ҳукм устидан апелляция шикоятини аввал айтилганидек 18-май куни эмас, балки 30-июн куни электрон шаклда туман судига юборган. Бу вақтга келиб шикоят бериш муддати ўтган бўлса-да, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмагани ва иш судланувчининг бошқа адвокатлари томонидан ўз вақтида берилган апелляция шикоятлари асосида апелляция инстансиясида кўриб чиқилаётгани инобатга олиниб, муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилган. Натижада адвокат бошқа ҳимоячилар қатори бугунги суд мажлисида иштирок этган. Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати адвокатларнинг одил судловни амалга оширишдаги ўрни алоҳида эканини таъкидлаб, уларни ОАВ орқали шахсий ҳуқуқий позициясини аниқ исботланган факт сифатида тақдим этиб, жамоатчиликни чалғитишдан тийилишга чақирди. Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 20-июл куни давом эттирилади. Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди 8-май куни Санжар Каримовни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 410 БҲМ миқдорида жарима жазоси тайинлаган. Санжар Каримов ҳукмдан норози эканини билдирган ва юқори инстансияга шикоят қилган.

apellyatsiyatoshkentfiribgarliksanjar karimovjinoyat ishiadvokatsud jarayonigiyohvandlik