Лайфстайл

Жеки Чан “Мўжизавий аслаҳалар 4” филмининг суратга олиш ишлари учун Озарбайжонга келди

Жеки Чан "Мўжизавий аслаҳалар 4" филмини суратга олиш учун Озарбайжонга ташриф буюрди

Машҳур актёр Жеки Чан "Мўжизавий аслаҳалар 4: Ултиматум" филмининг айрим саҳналарини суратга олиш мақсадида Озарбайжон пойтахти Бокуга етиб келди.

Актёрнинг Бокуда тахминан 10 кун қолиши кутилмоқда. Шаҳардаги суратга олиш жараёнларини ташкил этишда Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси ёрдам бермоқда.

Филмнинг асосий суратга олиш жойи Қозоғистон бўлиб, аввалроқ Манғистов ва Олмаота вилоятлари, шунингдек, Олмаота шаҳрида кадрлар олинган эди. Қозоғистон томонининг таклифига биноан Озарбайжон филм суратга олинадиган иккинчи давлат сифатида танланди.

Бокудаги суратга олиш ишлари шаҳарнинг энг машҳур жойларида амалга оширилади. Филмда Ички шаҳар, Тоғ боғи, Боку фуникулёри, Яшил театр ва Фавворалар майдони каби диққатга сазовор масканлар намойиш этилади.

Ушбу лойиҳа Қозоғистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида амалга оширилаётган бўлиб, сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда яратилган энг йирик халқаро кинолойиҳалардан бири ҳисобланади. Мутахассислар бу ҳамкорлик икки мамлакатнинг кино саноати, маданияти ва туризм салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидламоқда.

"Мўжизавий аслаҳалар 4: Ултиматум" машҳур франшизанинг давоми бўлиб, унда Жеки Чан 13 йиллик танаффусдан сўнг яна афсонавий саргузашт изловчи "осиёлик лочин" образини гавдалантиради. Филм премьераси 2027-йилга режалаштирилган.

tourismkazakhstanfilm productionazerbaijanbakujackie chaninternational collaboration"armour of god 4: ultimatum"