Жанубий Корея футбол ассоциацияси ҳакамлар билан боғлиқ шармандали ҳолат бўйича баёнот берди

Жанубий Корея футбол ассоциацияси (КФА) ҳакамлар билан боғлиқ шармандали ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, узр сўради. Бу ҳолат ўн йилдан кўпроқ вақт олдин халқаро ўйинларга келган хорижлик ҳакамларга "интим хизматлар" тақдим этилгани ҳақидаги хабарлар ортидан юзага келди.
ЖТБС телеканалининг хабар беришича, ассоциация 2011 ва 2012-йилларда, хусусан, ЖЧ-2014 ҳамда Лондон-2012 Олимпиадаси саралаш ўйинларида хорижлик ҳакамлар учун бир неча бор бундай хизматларни уюштирган. Мамлакат спорт вазирлигининг 2016-йилдаги текширувлари натижасида аниқланишича, 2011-йилнинг мартидан 2012-йилнинг мартигача бўлган даврда ҳакамлар камида 7 марта шундай "кўнгилочар" масканларга, жумладан, интим хизматлар ҳақи тўланган массаж салонларига олиб борилган.
КФА 8-август, шанба куни эълон қилган баёнотида вазият юзасидан афсусда эканини билдирди:
"Ассоциация билан боғлиқ сўнгги воқеалар (тинтувлар, парламент эшитуви ва 10 йиллик эски хабарлар) жамоатчиликда хавотир уйғотгани учун узр сўраймиз. Шу ўринда таъкидлаймизки, ҳозирги вақтда ташкилотимизда бундай номақбул ишларга ва хизмат карталаридан бу каби мақсадда фойдаланишга умуман ўрин йўқ", дейилади хабарда.
Ушбу можаро КФА терма жамоа бош мураббийлигига Хон Мёнг Бони тайинлагани ортидан кескин танқидлар ва босим остида қолаётган бир пайтда юзага чиқди. 6-август, пайшанба куни Сеул полицияси ушбу тайинлов юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида КФА офисларида тинтув ўтказган.
Маълумот ўрнида, 2013—2014-йилларда ҳам терма жамоани бошқарган Хон Мёнг Бо 2024-йилда ўз лавозимига қайтарилди. Унинг тайинлануви КФА бир неча ой давом этган хорижлик номзодлар қидирувини тўхтатиб, қисқа учрашувдан сўнг кутилмаганда қарор қабул қилгани сабабли кескин танқидларга сабаб бўлган эди.

