Иордания футбол ассоциацияси президенти ФИФА раҳбарини “шантаж”да айблади

Иордания футбол ассоциацияси (ФА) президенти Али бин Ҳусайн ФИФА раҳбари Жанни Инфантинони "шантаж"да айблаб, уни очиқчасига танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ФИФА раҳбарияти Инфантинони қўллаб-қувватлаш эвазига Иордания футболидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришни таклиф қилган.
Бин Ҳусайннинг таъкидлашича, ФИФА бир неча ой давомида Иордания ассоциациясига ёрдам беришдан бош тортган. Бироқ, Жаҳон чемпионати вақтида ташкилот томонидан оғзаки шарт қўйилган: агар Иордания Инфантинони қўллаб-қувватласа, бу уларга "катта фойда" келтиради.
"Иорданияда доимо ахлоқий тамойилларга содиқ қолганимиз билан фахрланамиз. Биз унинг номзодини аввал ҳам ёқламаганмиз, ҳозир ҳам қўллаб-қувватламаймиз. Аммо юзага келган бу вазият очиқчасига шантаждан бошқа нарса эмас ва биз бундай босимга асло ён бермаймиз", деди Бин Ҳусайн.
Иордания футбол ассоциацияси раҳбари ўз жамоаси дуч келаётган бир қатор жиддий муаммоларни санаб ўтди. Хусусан, иорданиялик мухлислар чипталар учун ўта қиммат нарх тўлаганига қарамай, уларга АҚШдаги Жаҳон чемпионатига бориш учун виза берилмаган. Шунингдек, ФИФА шафелигида ўтган 2025-йилги Араб Кубогида қатнашган футболчилар ҳамон ўз мукофот пулларини ололмаган. Бунинг устига, АҚШ ҳукумати ФИФА орқали Иордания терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ҳам солиққа тортган.
Таъкидланишича, АҚШдаги ўйинларда қатнашган Иорданиядан фарқли ўлароқ, Канада ва Мексикада ҳаракат қилган жамоаларда бундай солиқ харажатлари кузатилмаган.
"Биз мусобақадаги иштирокимиз учун ФИФА орқали АҚШ ҳукумати томонидан солиққа тортиляпмиз. Аслида бу пуллар футболчилар ва ходимларга берилиши керак эди. Канада ва Мексикада ўйнаган ва ўша ерда йиғин ўтказган жамоаларда бундай ҳолат бўлмади. Аммо биз айнан АҚШда ўйнаганимиз учун эндиликда катта солиқ харажатларига дуч келяпмиз", дея қўшимча қилди Бин Ҳусайн.
Маълумот ўрнида, Иордания терма жамоаси 2026-йилда ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди, бироқ турнир билан гуруҳ босқичидаёқ хайрлашди.

