Инфантино атрофида янги можаро: у УЕФАда ишлаган вақтида маъшуқасига катта пул тўлашда айбланмоқда
УЕФАдагилар барчасини тасдиқлаган, ФИФА рад этмоқда.

Жианни Инфантино атрофида янги можаро юзага келди: у УЕФАда ишлаган вақтида маъшуқасига катта миқдорда пул тўлаганликда айбланмоқда.
ФИФА президенти Жианни Инфантино яна бир можаронинг марказида қолди. Бу сафар, Тҳе Телеграпҳ нашрининг ёзишича, швейцариялик амалдор УЕФАда ишлаган даврида ташкилот бюджетидан ўз маъшуқасига ҳомийлик қилган.
**"Туҳматли айблов"**
Британия нашрининг хабар беришича, Инфантино УЕФАда фаолият юритган пайтида ўз қўл остидаги аёл ходим билан ишқий муносабатда бўлган. Аёлнинг шахси материалда ошкор этилмаган.
Инфантинонинг ҳомийлиги туфайли аёлнинг лавозими кўтарилган ва маоши 30 фоизга ошган. Бу ҳолат ҳамкасблар орасида, жумладан, ўша пайтдаги УЕФА президенти Мишел Платини орасида саволлар туғдирган. Хабарда айтилишича, айнан Платинининг эътирозидан сўнг Жианни маъшуқасини ишдан бўшатишга рози бўлган.
Шу билан бирга, ишдан кетганидан кейин УЕФА томонидан ўша аёлга олти рақамли суммада компенсация тўланган, шунингдек, МБА дастури бўйича бизнес мактабидаги ўқиши молиялаштирилган (йилига 45 минг фунт стерлинг).
Таъкидланишича, Инфантино ўз алоқаларидан фойдаланиб, уни шу соҳада бошқа бир юқори маошли лавозимга ишга жойлаштиришга ҳам ҳаракат қилган.
УЕФА вакили Тҳе Телеграпҳ билан суҳбатда ўша ходимнинг Инфантино билан муносабатда бўлганини тасдиқлаган, шунингдек, аёлга товон тўланганини тан олган. Шу билан бирга, бу тўлов ўша вақтда амалда бўлган стандарт тартиб бўйича амалга оширилганини қайд этган.
"Ҳа, тегишли шахсга ишдан бўшатилганда компенсация берилган, шунингдек, МБА дастури бўйиш ўқиш учун пул тўланган. Ҳаммаси ўша пайтда ишдан бўшаётган ходимлар учун амал қилган қоидаларга мос келарди. Улар 2016-йилдан бери кучайтирилган", – дея изоҳлайди Тҳе Телеграпҳ суҳбатдоши.
ФИФА эса, аксинча, бу маълумотни қатъиян рад этган. "Президент бу айбловларни қатъиян рад этади. Улар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Номақбул хатти-ҳаракатлар ёки низом ёки қоидаларни бузишга оид ҳар қандай ишоралар туҳмат ҳисобланади. УЕФА ёки ФИФАнинг ҳеч бир ходими ҳеч қачон жаноб Инфантинонинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилмаган, чунки у билан боғлиқ ҳеч қандай воқеа содир бўлмаган", – дейди ташкилот вакили.
Маълумот учун, швейцариялик амалдор 2001-йилда уйланган – у рафиқаси Лина Ал-Ашкар билан тўрт фарзандни тарбиялайди.
**Муаммо ортидан муаммо**
Янги можаро Инфантино шусиз ҳам мушкул аҳволда қолган бир пайтда авж олди. ФИФАнинг турнирлар ҳуқуқларини сотиш учун янги тижорат тузилмаси – ФИФА Форвард Энтерприсе (ФФЕ)ни ташкил этиш ғояси УЕФА билан ўртада жиддий можаро келтириб чиқарганди. Бу лойиҳага кўра, аксияларнинг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режалаштирилганди, бу аксиялар учун эса Доналд Трампнинг куёвига алоқадор фирма асосий даъвогар сифатида кўрилаётганди.
Бу ғоя кескин эътирозларга сабаб бўлди – кўплаб йирик халқаро федерациялар, жумладан, УЕФА, КОНМеБОЛ ва КОНКАКАФ уни танқид қилиб чиқди. Бунинг натижасида швейцариялик амалдор бу ғоядан воз кечди, аммо аллақачон кеч бўлганди – европаликлар энди унинг истеъфосини талаб қила бошлади.
ОАВ маълумотига кўра, Инфантино энди АҚШ президенти Доналд Трампнинг қўлловидан умид қилмоқда. Аммо ишқий муносабатлар тарихи очилганида у Инфантинога ёрдам қўлини чўзиши даргумон.

