“Инфантино соққалари”. ФИФА тақдим қилаётган янги лойиҳа ҳақида

**"Инфантино соққалари": ФИФАнинг янги лойиҳаси ҳақида**
Жанни Инфантино, бир пайтлар қуръа ташлаш маросимларида шарчаларни аралаштириши билан танилган шахс, ҳозирда ФИФА президенти сифатида молиявий "соққалар" ҳақида кўп гапирмоқда. Айниқса, Доналд Трамп билан яқинлашгандан сўнг, унинг бу мавзуга қизиқиши янада ортди.
**Инфантинонинг режаси**
ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилотнинг 20 миллиард долларлик шўба корхонасини ташкил этиб, Жаҳон чемпионатларини ўтказиш ҳуқуқини унга топширишни режалаштирмоқда. Ушбу янги компания инвесторлари орасида Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер оиласи ҳам бўлиши мумкин. Европа футбол федерациялари бу ғояга қатъиян қарши чиқиб, ҳатто ФИФА билан алоқаларни узиш билан таҳдид қилмоқда.
Инфантинонинг бу режалари ҳақида илк бор Лондондаги Тҳе Тимес нашри хабар берди. Унга кўра, ФИФА Форвард Энтерприсе (ЭФЕ) номли тузилма ташкил этилади ва у терма жамоалар ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатларини ўтказиш билан шуғулланади. ФИФА баёнотига кўра, ЭФЕ шу йилнинг ўзида ривожланиш дастурига қарийб 4,2 миллиард доллар жалб қилади. Лойиҳанинг молиявий консалтинги ЖП Морган банкига топширилган. Сармоядорлар гуруҳини эса Жаред Кушнернинг укаси Жошуа Кушнерга тегишли "Тҳриве Этернал" фонди бошқаради. Жошуа, шунингдек, "Маями Хит" баскетбол ва "Сан-Франсиско Жаенц" бейсбол клубларининг миноритар аксиядори ҳисобланади.
Ушбу лойиҳага Халқаро Автоспорт Федерацияси (ФИА) ва "Либертй Медиа" компанияси ўртасидаги келишув намуна бўлиб хизмат қилди. "Либертй Медиа" "Формула-1" бўйича Жаҳон чемпионатини ташкил қилиш ҳуқуқини қўлга киритиб, даромадларни бир неча баробар оширишга муваффақ бўлган эди. Шу сабабли, Инфантино лойиҳасининг асосий фигураси сифатида "Либертй Медиа"нинг собиқ бошқарувчиси Грег Маффей тилга олинмоқда. Потенсиал инвесторлар қаторида 2025-йилда "Атлетико" клубининг бошқарув пакетини қўлга киритган "Аполло Спорц Сапитал" фонди ҳам бор.
**УЕФА бунга қарши**
УЕФА Тҳе Тимесъда чиққан мақолага қатъий жавоб қайтарди: "Бу энди ҳаддан ошиш. Футболда бошқарув тузилмалари манфаатлари кесишмаслиги керак. УЕФА бу масалага ўта жиддий қарайди. Барча футбол ассоциациялари худди шундай позицияда бўлиши шарт".
Ўша куни кечроқ УЕФА яна қўшимча қилди: "Футбол ва унинг бошқаруви савдо обьекти бўлмаслиги керак, айниқса, молиявий даромадлар қаерга оқаётгани ҳақида шаффофлик йўқ бўлган бир пайтда".
Лекин Инфантинонинг режаси ҳақидаги хабарлар оқими тинмаяпти. Скй Спорц маълумотига кўра, ФИФА 29-июл куни барча миллий федерацияларга махсус хат юбориб, ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун 19-сентабргача муддат берган. Уларни қизиқтириш мақсадида ҳар бир федерацияга 40 миллион доллардан тўлов ваъда қилинган. Тҳе Телеграпҳ нашри эса агар лойиҳа қўллаб-қувватланмаса, миллий федерацияларни молиялаштириш 75 фоизга қисқартирилиши таъкидланганини маълум қилмоқда.
Бу хабарлар УЕФА томонидан яна кескин қаршилик билан кутиб олинди: Европа футбол ассоциациялари агар вазият шу зайлда давом эца, яъни Инфантинонинг режаси амалга ошса, Жаҳон чемпионати ва ФИФАънинг бошқа турнирларини бойкот қилиш масаласини ўйламоқда.
Аслида бу ҳаракатлар Инфантино учун биринчиси эмас. У 2018-йилда ҳам ташқи инвесторлар билан келишмоқчи бўлган, 12 йиллик дастур учун Япониянинг СофтБанк компаниясидан 25 миллиард доллар олишни режалаштирганди. Ўшанда жаҳон миқёсидаги янги турнирларни ташкил қилиш, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиларини кенгайтириш ва бунга Саудия Арабистони инвесторларини ҳам жалб қилиш кўзда тутилган эди. Аммо УЕФАънинг қатъий қаршилиги режани барбод қилди, зеро европаликлар бу лойиҳаларни ўзларининг асосий даромад манбаи бўлган Чемпионлар Лигаси ва Европа чемпионатига рақобатчи сифатида кўришган эди.
Аммо бу билан Инфантинонинг саудияликлар билан алоқалари бузилмади, аксинча, янада мустаҳкамланди. Ар-Риёд ЖЧ-2034 ни қабул қилади, 2025-йилда АҚШда бўлиб ўтган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг асосий ҳомийси ҳам айнан Саудия Арабистони бўлди.
ЖЧ-2026 мусобақаси ФИФАъга 12 миллиард — рекорд даражадаги даромад келтирди. Бундай молиявий натижа Инфантинонинг навбатдаги президентлик сайловларидаги ғалабасини таъминлаб бериши ҳам мумкин. Ахир у федерацияларга бериладиган маблағлар ҳажмини оширишга ҳам ваъда бермоқда. Инфантинога кўра, бундай натижалар билан агар ФИФА хусусий компания бўлганида, уни умрбод ўз лавозимида олиб қолинган бўлишарди. Катта эҳтимол билан, Инфантинонинг Европадаги етакчи федерациялар билан йилдан йилга ёмонлашиб бораётган муносабати ҳам сайловларга салбий таъсир қилмайди.
УЕФА ўз вақтида Жаҳон чемпионатини Қатарда ўтказиш ғоясига ҳам қарши чиққанди, зеро турнирнинг қишга кўчирилиши Европадаги ички чемпионатларга қаттиқ таъсир қилди. Шунингдек, Инфантино Суперлигани ташкил қилиш режасини қўллаб-қувватлашда ҳам айбланган. Айниқса, ЖЧ-2026 олдидан ва турнир давомида ФИФА президенти турли танқидларга нишон бўлди. Трампнинг босими остида "Балогун иши"даги ҳаракатлар ва ташкилотнинг ўз регламентини бузиши жуда ёмон қабул қилинди. УЕФА президенти Александр Чеферин бощилигида бир қатор Европанинг йирик футбол федерациялари ЖЧ-2026 финали ва унинг тадбирларида иштирок этишдан бош тортишди.
Аммо шунда ҳам вазият ҳеч қачон ФИФАъни бойкот қилиш даражасига етиб бормаганди. Агар ҳаммаси ростдан ҳам бойкотгача бориб тақалса, бу нафақат Жанни Инфантинонинг лойиҳасига путур етказади (зеро Европа жамоаларисиз молиявий жозибадор турнир ташкил қилишнинг иложи йўқ), балки бутун футбол тизими инқирозга юз тутиши мумкин. Деярли барча қоидалар, мусобақаларни ташкил қилишдан тортиб, трансфер қонунларигача — барчаси Европа ва Лотин Америкасининг йирик федерациялари ўртасидаги доимий келишув асосида амал қилиб келмоқда. Табиийки, бу тизимнинг парчаланишини тасаввур қилиш ҳам қийин.
**Энди нима бўлади?**
Инфантино федерацияларга ўз режасини дастлаб 18-июл куни, мундиал финалидан бир кун олдин маълум қилганди. Асосий урғу ушбу федерацияларга бериладиган пулларга қаратилган: айтилишича, айни дамдаги 8 миллион доллар ўрнига бу маблағлар дастлаб 20 миллион, кейин эса ҳатто 24 миллион долларгача ошиши кўзда тутилмоқда.
Европанинг етакчи давлатлари қаршилигига қарамай, Инфантино тўхтамаётганининг асосий сабаби шундаки, ФИФА Швейсарияда рўйхатдан ўтган, 211 миллий федерацияни ўзига жам қилган нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ҳар қандай қарор айнан ушбу федерацияларнинг розилиги билан қабул қилиниши лозим. Бу ердаги асосий жиҳат эса — ҳар бир федерациянинг тенг ҳуқуқли битта овозга эга эканидир. ФИФА қарорларидан энг катта молиявий таъсир кўрадиган Англия, Германия каби йирик ассоциацияларнинг овози Мўғулистон ёки Сомалиники билан тенг. Табиийки, Инфантино ваъда қилаётган маблағлар немислар учун денгиздан томчи бўлса-да, кичик давлатларни ва уларнинг овозларини "сотиб олишга" бемалол етади.
Вазият бир неча йил олдинги Суперлига машмашасини ҳам эслатиб юборади. Бу балодан бир амаллаб қутулган УЕФА мана энди янги — Инфантино ғояси билан ҳам курашиши керак. Чемпионлар Лигаси каби сердаромад "соғин сигир"га эга бўлган ва бу катта даромадни ўзаро бўлишиб келаётган йирик Европа давлатлари учун ҳар қандай янгилик хавф туғдириши табиий ҳол. Бундай зиддият, бойкот хавфи ва икки томонлама блефлар ҳар қандай ғоянинг бирданига амалга ошиб кетишига жиддий тўсиқ бўлади. Ўртада турли бюрократик ричаглар бор. Ташкилотлар бошқа-бошқа бўлгани билан, у ерда тўп сурадиган футболчилар ва уларга пул тўлайдиган клублар ўша-ўша. Шундай экан, ҳеч ким, айниқса, бойлар мавжуд яшаб турган тизимдан воз кечгиси келмайди. Бир томон янги маблағлар футболни чекка ҳудудларда ҳам ривожлантиришини пеш қилса, иккинчи томон футболнинг консерватив экани ва унинг анъанавий қадриятлари ҳақида бонг уради. Асл мақсад эса барибир бошқа — мутасаддиларнинг чўнтаги.
Футбол йилдан йилга бизнес учун жозибадор соҳага айланиб бормоқда. Кеча Суперлига бўлса, бугун ФИФАънинг янги корхонаси. Барибир пул эгалари бу майдонга ўз сармоясини тикиб, уни бир неча баробар қилиб чиқариб олишга интилаверади. Ҳозирги даромадлар "пирогини" бўлишаётганлар эса бунга қаршилик қилишдан тўхтамайди. Барибир бир кун каттароқ пул енгиб чиқади ва, афсуски, футбол ҳам унга таслим бўлади.
Бир қараганда, Инфантинонинг лойиҳаси унчалик ҳам радикал эмасдек. Гўёки ҳеч нарса ўзгармайди, шунчаки Жаҳон чемпионатлари ундан кўпроқ пул қила оладиган алоҳида ташкилотга берилса, бунинг нимаси ёмон? Бунинг устига ЎФА ҳам кўпроқ маблағ олади. Биз бу пулларга терма жамоага Каннаварони эмас, Гвардиолани олиб келиб ишлатишимиз мумкин, нима дедингиз? Шунчаки, бунинг битта ноқулай томони шундаки, таймлар орасидаги сунъий реклама-брейкларга, ярим соатлик танаффусларга ўзимизни кўниктириб турганимиз дурустроқ. Эртага футболчиларни алмаштириш учун таблоларни моделлар алламбало (очиқ-сочиқ) кийимларда кўтариб турадиган даврлардан ҳам қоча олмасак керак...

