Маҳаллий

“Илтимос эмас, талаб қилинг”. Энергетика вазири — бизнесни электр тармоқларига улаш ҳақида

Тадбиркорлар барча зарур ҳужжатлари бўлса, электр тармоқларига уланишни талаб қилишга ҳақли, деди янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев. У бизнесни энергетика компаниялари ходимлари билан масалаларни норасмий ҳал қилмасликка ва пора талаб қилинганда бу ҳақда хабар беришга чақирди.

“Илтимос қилманг, талаб қилинг”. Энергетика вазири Шерзод Ходжаев тадбиркорларга электр тармоқларига уланиш масаласида шундай мурожаат қилди.

31-июл куни Янгийўл туманида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган янги энергетика вазири Шерзод Ходжаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги тадбиркорлар барча зарур ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, электр тармоқларига уланишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Туман ҳокими Санъатбек Жуманиёзов иштирок этган ушбу учрашувда 27 нафар тадбиркор қатнашди. Улар электр ва табиий газ таъминотидаги узилишлар, ёзги электр қуввати етишмовчилиги, қишки газ босими пасайиши каби муаммоларни кўтариб чиқишди. Шунингдек, тармоқларга уланиш учун техник шартларни олиш, энергия ресурслари учун қарздорлик ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар билдирилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, мурожаатларнинг бир қисми бўйича ечимлар бевосита учрашувнинг ўзида топилди. Қўшимча ўрганишни талаб қилувчи масалалар юзасидан масъул ташкилотларга топшириқлар берилди. Айрим ҳолатларни жойида ўрганиш учун мутахассислар жалб этиладиган бўлди.

Шерзод Ходжаевнинг сўзларига кўра, агар тадбиркорнинг барча ҳужжатлари тўғри расмийлаштирилган бўлса, у электр тармоқлари корхонасидан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилишга ҳақли. “Ҳамма ҳужжатингиз тўғри бўлса, сиз “Электр тармоқлари”дан илтимос қилманг, талаб қилинг. Бунга тўлиқ ҳаққингиз бор”, — деди вазир.

Энергетика вазирлиги электр ва газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар фақат электрон шаклда — Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.уз) орқали расмийлаштирилишини эслатди. Тадбиркорлар бу каби масалаларни электр ёки газ таъминоти корхоналари ходимлари билан норасмий тарзда ҳал қилишга уринмасликка чақирилди.

Агар соҳа ходимлари пора талаб қилса ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир эца, тадбиркорларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки Энергетика вазирлигига мурожаат қилиш тавсия этилди. Вазирлик бундай маълумотлар белгиланган тартибда ваколатли органларга топширилишини маълум қилди.

Учрашувда, шунингдек, Энергетика вазирлиги электр энергияси ёки табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик учун қўлланган молиявий санксияларни бекор қилиш ёки камайтириш ҳуқуқига эга эмаслиги тушунтириб ўтилди. Бундай низолар қонунчиликка мувофиқ суд тартибида кўриб чиқилиши мумкин.

Энергетика вазирлиги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар давом эттирилишини маълум қилди. Штаблар Янгийўл ва яна 14 та туманда ўз ишини давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27-июл куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев туман ва маҳаллалар даражасида электр ва газ таъминотини ташкил этишнинг янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берган эди. Пилот модели Янгийўл туманида яратилади: унинг 51 та маҳалласида аҳоли ва бизнеснинг электр ҳамда газга бўлган ойлик, чораклик ва йиллик эҳтиёжи ўрганиб чиқилади, зарур қувватлар, таъмирлаш ишлари ва молиялаштириш манбалари белгиланади. Барча тадбирларни 1-октабрга қадар якунлаш режалаштирилган бўлиб, шундан сўнг ушбу тажриба мамлакатнинг бошқа туман ва шаҳарларига татбиқ этилади.

tadbirkorlarelektr tarmoqlarikorrupsiyashavkat mirziyoyevenergetika vazirigaz ta'minotitexnik shartlaryangiyo'l tumani