Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа: “Ўзбекгидроенерго”нинг 20 МВт ли Чорбоғ шамол электр стансияси

Мустақиллик байрамига муносиб совға: "Ўзбекгидроенерго"нинг 20 МВт қувватли Чорвоқ шамол электр стансияси
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда энергетика соҳасини диверсификация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва "яшил иқтисодиёт" тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу эзгу мақсадлар рўёби йўлида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар қаторида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида барпо этилган 20 МВт қувватга эга Чорвоқ шамол электр стансияси алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди. Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой Ҳукумати томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги беғараз грант маблағи ажратилди.
"Ўзбекгидроенерго" АЖ томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича барча ташкилий, техник ва муҳандислик ишлари белгиланган режалар асосида босқичма-босқич олиб борилди. Қурилиш-монтаж ишлари, электр тармоқларига улаш, муҳандислик инфратузилмасини тайёрлаш ҳамда замонавий шамол турбиналарини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланди.
Бугунги кунда Чорвоқ шамол электр стансияси фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди ва мамлакатимиз ҳаётидаги энг улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб туҳфа сифатида ишга туширилмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳар бири 5 МВт қувватга эга бўлган 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилди. Стансиянинг умумий қуввати 20 МВтни ташкил этиб, у йилига 50 миллион кВт.соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Бу эса қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, электр тармоқлари юкини камайтириш ҳамда мамлакатимиз энергетика тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, стансия фаолияти натижасида ҳар йили юз минглаб куб метр табиий газ ва минглаб тонна кўмир тежалади, атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажми сезиларли даражада қисқаради. Бу эса мамлакатимизнинг экологик барқарорликни таъминлаш, углерод изини камайтириш ҳамда халқаро иқлим мажбуриятларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Энг муҳими, мазкур иншоот мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича "Ўзбекгидроенерго" АЖнинг кўп йиллик изчил саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми ҳисобланади. Зеро, айнан ушбу жамият мамлакатимизда шамол энергетикаси бўйича илк амалий қадамларни ташлаган ташкилот сифатида ушбу соҳада муҳим тажриба мактабини шакллантирган.
Чорвоқ шамол электр стансиясининг фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилиши нафақат энергетика соҳасидаги навбатдаги муҳим ютуқ, балки мамлакатимизда "яшил энергия" улушини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва аҳолини экологик тоза электр энергияси билан таъминлаш йўлидаги яна бир тарихий қадамдир.

