Маҳаллий

«Ҳудудгазтаъминот» тадбиркордан газ учун асоссиз пул ундирган

Қорақалпоғистонда фермер хўжалигидан газ учун асоссиз ундирилган 96 млн сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди. Ўрганишларда газ сарфини аниқлашда асосий қурилма ўрнига юқорироқ кўрсаткич қайд этган иккинчи ҳисоблагич маълумотларидан фойдаланилгани аниқланди. Натижада истеъмол ҳажми 42 минг 149 куб метрга сунъий равишда ошириб кўрсатилган.

«Ҳудудгазтаъминот» тадбиркордан газ учун асоссиз пул ундиргани маълум бўлди. Рақобат қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, тадбиркордан газ учун асоссиз ундирилган тўлов қайтарилиши таъминланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси «Бургутқалъа Саодати» фермер хўжалигининг мурожаати асосида текширув ўтказди. Текширув натижасида газ сарфини ҳисоблашда газ тақсимлаш стансиясида (ГЦ) ўрнатилган асосий ҳисоблагич ўрнига шохобчадаги иккинчи ҳисоблагичнинг юқорироқ кўрсаткичлари асос қилиб олингани аниқланди. Бу ҳолат газ ҳажмининг сунъий равишда ошириб ҳисобланишига олиб келган ва газ узатиш ташкилоти ҳисоблагичи билан ҳисоб-китоб қилинган ҳажм ўртасида 42 минг 149 куб метр тафовут юзага келган.

Рақобат қўмитаси мутахассислари иккинчи ҳисоблагич кўрсаткичларини асос қилиб олиш қонунчилик талабларига зид эканлигини, ҳисоблагичлар ўртасидаги тафовутга газ таъминоти ташкилоти томонидан етарли техник ёки метрологик асослар тақдим этилмаганини аниқлади. Натижада тадбиркордан қарийб 96 миллион сўмдан ортиқ маблағ асоссиз равишда ортиқча ундирилган. Шу сабабли, Қўмитанинг Махсус комиссияси «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалига нисбатан иш қўзғатди.

Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва фермер хўжалигидан ортиқча ҳисобланган маблағни ихтиёрий равишда қайта ҳисоб-китоб қилиб қайтариш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан ушбу қарздорлик корпоратив ҳисоб-китоб тизими орқали қайта ҳисобланиб, 96 миллион сўмдан ортиқ маблағ «Бургутқалъа Саодати» фермер хўжалиги фойдасига ҳал этилиши таъминланди.

consumer protectionregulatory actioncompetition committeehududgazta’minotgas overchargingunjust enrichmentfarmer's rightsfinancial redress