Ўзбекистонда суюлтирилган газнинг 129 та ноқонуний савдо нуқтаси ёпилди
2026 йил бошидан Ўзбекистонда суюлтирилган газ соҳасида 286 та қонунбузилиш аниқланди, 129 та ноқонуний савдо нуқтаси фаолияти тўхтатилди.

Ўзбекистонда 129 та ноқонуний суюлтирилган газ савдо нуқтаси ёпилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026-йил бошидан буён Ўзбекистонда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасида 286 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Текширувлар натижасида "бункер" ва "чуқур" номлари билан танилган, суюлтирилган газни сақлаш ва сотиш билан шуғулланган 129 та ноқонуний нуқтанинг фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда "Ҳудудгазтаъминот" компанияси маълум қилди.
Компания хабарига кўра, назорат тадбирлари давомида 3530 та маиший газ баллони ва 25,8 тонна суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилишининг олди олинди. Шунингдек, 71,6 тонна ёқилғининг талон-торож қилингани аниқланди. Барча аниқланган ҳолатлар бўйича етказилган зарарни ундириш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
"Ҳудудгазтаъминот"да таъкидланишича, сўнгги йилларда суюлтирилган газни тақсимлаш тизимининг шаффофлигини ошириш, инсон омили таъсирини камайтириш ва суиистеъмолликларнинг олдини олиш мақсадида Фасе ИД биометрик идентификация тизими каби рақамли ечимлар жорий этилмоқда. Компания маълумотига кўра, ушбу тизим маиший газ баллонларини ноқонуний бериш билан боғлиқ кўплаб ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам бермоқда.
Кўрилаётган чораларга қарамай, айрим шахслар амалдаги қоидаларни четлаб ўтишга, суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ва коррупсия хавфларини юзага келтиришга уринишда давом этмоқда.
Компанияда коррупсияга қарши курашиш, суюлтирилган газни тақсимлаш тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, қонунбузилишларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.

