Суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар назоратга олинди — Энергетика вазирлиги

**Суюлтирилган газ таъминотидаги муаммолар Энергетика вазирлиги назоратига олинди**
Ўзбекистонда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ шикоятлар Энергетика вазирлиги томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда вазирлик расмий хабар берди.
Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қува туманида аҳолига суюлтирилган газ баллонлари 100 кундан буён етказиб берилмаётгани ҳақида маълумот тарқалган. Шу муносабат билан вазирлик суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришдаги кечикишлар, уларнинг тўлдирилиши ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати юзасидан текширув ўтказишини маълум қилди.
Шунингдек, газ баллонларини тарқатувчи ходимларнинг муомала маданияти билан боғлиқ ҳолатлар ҳам ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Вазирликнинг таъкидлашича, сўнгги ойларда республика ҳудудларида суюлтирилган газ таъминотида юзага келган муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда 3,7 миллион хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Сўнгги йилларда ушбу тизим рақамлаштирилиб, анча тартибга солинган бўлса-да, газни ўз вақтида етказиб бериш муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган.
Аввалроқ, президент раислигидаги йиғилишда суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва бу жараённи Андижон вилоятидан бошлаш таклифи маъқулланган эди. Энди тадбиркорлар ўзлари импорт қилган ёки биржадан сотиб олган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субьектларига етказиб беришлари мумкин бўлади. Жорий йил бошидан буён хусусий сектор томонидан 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган. Шу билан бирга, ижтимоий реестрга киритилган оилаларга суюлтирилган газ учун субсидия берилиши белгиланган. Жорий йил якунига қадар бу борада “Андижон тажрибаси” яратилиши қайд этилган.
Масъулларга республикада суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунига қадар режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилган. Ҳозирда аҳолига газ стандарт ҳажмдаги 20 килограммли баллонларда етказилади. Ҳолбуки, айрим хонадонларга ойлик истеъмол учун 5-6 килограмм етарли бўлса, бошқа истеъмолчиларга 30-40 килограммли баллон зарур. Шу сабабли суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилиши белгиланган.

