Газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалардаги иситиш тизими электрга ўтказилиши мумкин

Газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалардаги иситиш тизими электрга ўтказилиши мумкин
Ўзбекистонда табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалардаги иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу масала 27-июл куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда 1 916 та маҳаллага табиий газ етиб бориши қийин. Масъулларга уч ой муддат ичида ушбу маҳаллалардаги иситиш тизимини электрга ўтказиш учун қанча инфратузилма ва қўшимча электр энергияси талаб этилишини аниқлаш вазифаси юклатилди.
Давлат раҳбари шундай деди: “Хўжаев, Мустафоев, ҳокимлар уч ойда бу маҳаллалардаги иситиш тизимини электрга ўтказиш учун қанча инфратузилма, қанча қўшимча электр талаб этилишини ҳисоб-китоб қилсин. Биринчи навбатда молиялаштириш талаб этиладиган маҳаллалар бўйича дастур қилсин”.
Йиғилишда қайд этилишича, бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Сўнгги йилларда бу йўналиш рақамлаштирилиб, анча тартибга солинган бўлса-да, суюлтирилган газни ўз вақтида етказиш бўйича муаммолар тўлиқ ҳал этилмаган.
Суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва бу ишни Андижон вилоятидан бошлаш таклиф қилинди.
Шавкат Мирзиёев бу таклифни маъқуллаб, шундай деди: “Менга бу маъқул. Энди ташаббускорлар ўзи импорт қилган ёки биржадан олган суюлтирилган газни аҳоли ва тадбиркорларга етказиши мумкин бўлади. Бунда ъИжтимоий реестръга кирган оилаларга суюлтирилган газ учун субсидия берилади”.
Президент “Ўзбекнефтгаз” раҳбари Абдуғани Сангиновга йил якунигача суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказишни топширди.
Президент матбуот хизмати фотоси. Президентнинг таъкидлашича, “Ҳозирда суюлтирилган газ аҳолига стандарт ҳажмларда, яъни 20 килоли баллонда етказиляпти. Лекин айрим хонадонларга ойлик истеъмол учун 5-6 килограмм етарли бўлса, баъзи истеъмолчиларга 30-40 килоли баллон керак”.
Шу сабабли суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизимини хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш вазифаси берилди.
Йиғилишда президент энергетика соҳасидаги муаммо маблағда эмас, балки тизимнинг бошқарувида эканлигини ҳам таъкидлади. Янгийўл тумани электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилиши маълум қилинди.

