Дунё

Германияда пиёдаларни уриб юборган афғонистонлик умрбод қамоққа ҳукм қилинди

Германияда пиёдаларни босиб кетган афғонистонлик шахс умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.

25 ёшли афғонистонлик Фарҳод Нурий 2025-йил 13-феврал куни Мюнхен марказида жойлашган Верди Касаба уюшмаси намойищилари устига ўзининг Мини Соопер автомобилини катта тезликда ҳайдаган. Ушбу ҳодиса натижасида 37 ёшли аёл ва унинг икки ёшли қизи ҳаётдан кўз юмган. Бугун, 6-август куни суд эркакни қотиллик ва қотилликка суиқасд қилишда айбдор деб топиб, унга умрбод қамоқ жазосини тайинлади.

Билд нашрининг хабар беришича, Мюнхен Олий суди афғонистонлик ушбу шахснинг "айби ўта оғир" деб топди. Бу қарор унинг 15 йиллик қамоқ муддатидан сўнг шартли равишда муддатидан илгари озод этилиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради. Шунингдек, суд Нурийни икки кишининг ўлими ва 23 кишига нисбатан қотилликка суиқасд қилиш ҳолатлари бўйича айбдор деб топди.

2016-йилда Германияга келган Фарҳод Нурий ишида Федерал прокуратура мураккаб сабабларни аниқлади. Маълумотларга кўра, ҳужумда ҳам диний, ҳам сиёсий омиллар рол ўйнаган. Бунга ёлғизлик ҳисси ва хавотирлар ҳам қўшилган. Эркакда ҳеч қандай пушаймонлик аломатлари кузатилмаган.

ББС хабарига кўра, ўша пайтда икки нафар қурбондан ташқари яна 40 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Аввалроқ Грецияда 24 ёшли қозоғистонлик шахс 125 йилга ҳукм қилингани ҳақида хабар берилган эди.

murdercar attackterrorismmunichlife sentenceafghan nationalcourtgermany