Дунё

Германияда жазирама оқибатида 10 мингга яқин одам вафот этди

Германияда 2026 йил бошидан буён экстремал иссиқ туфайли тахминан 10 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Мамлакат расмийлари келаси ёзга қадар жазирамага қарши ягона миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда.

Германияда жазирама туфайли 10 мингга яқин инсон ҳаётдан кўз юмди.

Германия Федерал атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Ёхен Фласбарт мамлакатда ҳаддан ташқари иссиқликка қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Унинг сўзларига кўра, келгуси ёз бошлангунга қадар Германиянинг барча федерал ерларида ишлаб чиқилган жазирамага қарши чораларни ягона миллий режага бирлаштириш зарур. Фласбарт иқлим ўзгаришига мослашиш бутун жамият учун муҳим вазифа эканлигини ва бу йўналишдаги ишлар етарлича тез суръатларда амалга ошмаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, у Германия касалхоналарида кондиционерлар етишмаслиги масаласида Федерал ҳисоб палатасини танқид қилди. Унинг айтишича, Атроф-муҳит вазирлиги ижтимоий муассасаларни иқлим ўзгаришига мослаштириш дастурини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда, бироқ назорат органи бу ишларни вазирлик ваколатидан ташқари деб ҳисобламоқда.

Фласбарт, шунингдек, ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Германия асосий қонунига тегишли ўзгартишлар киритиш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.

Роберт Кох институти ҳисоб-китобларига кўра, 2026-йил июл ойи ўрталарига қадар мамлакатда экстремал иссиқлик оқибатида тахминан 10 минг киши вафот этган. Бу кўрсаткич 2016-йилдан буён қайд этилган йиллик энг юқори даража ҳисобланади.

adaptationheatwavepublic healthclimate changemortalitygermanypolicyhealthcare infrastructure