Фарғонада кадастр раҳбари 600 доллар олгани фош бўлди
Фарғона вилоятида Давлат кадастрлари палатасининг туман филиалларидан бири раҳбари ноқонуний қурилган савдо дўконига нисбатан қонуний чора кўрилмаслигини таъминлаш эвазига 600 АҚШ доллари олгани аниқланди. Мансабдорга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Фарғонада Кадастрлар палатаси туман филиалларидан бирининг раҳбари 600 доллар пора олганликда айбланмоқда.
Хабарларга кўра, 1990-йилда туғилган фуқаро ноқонуний қурилган савдо дўконига нисбатан Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан тузилган далолатномани бекор қилдиришни сўраган. Филиал раҳбари ушбу далолатномани бекор қилишни ва объект бўйича қонуний чора кўрилмаслигини таъминлаш эвазига жорий йилнинг июл ойи бошида фуқародан 600 АҚШ доллари олган.
Бироқ, мансабдор шахс ўз ваъдасини бажармаган ва кейинчалик фуқарога 500 АҚШ долларини қайтариб берган.
Ушбу ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида фош этилган.
Ҳолат юзасидан Кадастрлар палатаси филиали раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

