Маҳаллий

Сурхондарёда фуқарони 1000 доллар эвазига Миллий гвардияга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди

Сурхондарёда бир шахс фуқарони 1000 АҚШ доллари эвазига Миллий гвардия тизимига ишга жойлаштиришни ваъда қилганида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, жорий йилнинг 24-июл куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати ходимлари Денов туманида тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида 1997-йилда туғилган шахс Олтинсой туманида истиқомат қилувчи фуқарога юқори лавозимдаги танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, уни Сурхондарё вилояти Миллий гвардияси тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилгани аниқланган.

Гумонланувчи ўз хизмати учун талаб қилинган 1000 АҚШ долларидан 500 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда фуқарони 1000 доллар эвазига шифохонага ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс, Қашқадарёда эса ўқитувчиликка ишга олиш учун 500 доллар пул сўраган директор қўлга олинган эди.

uzbekistannational guardinvestigationbriberycorruptionfraudemploymentlaw enforcement