Андижонда давлат захирасидаги ерни сотмоқчи бўлганлар ушланди
Улар Марҳамат тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини фуқаро номига расмийлаштириб бериш учун 39 минг доллар талаб қилишган.

Андижонда давлат захирасидаги ерни сотишга уринган шахслар қўлга олинди.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида фаолият юритувчи банк хизматлари марказларидан бирининг раҳбари ҳамда "Норин-Қорадарё" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси машинисти ўзаро келишиб, бир фуқаронинг ишончига кирган.
Улар Марҳамат тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини турар-жой тоифасига оид ҳужжатлари борлигини да'во қилиб, ўзларининг мансабдор танишлари орқали келажакда ушбу фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 39 минг АҚШ доллари сўрашган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимларининг ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида машинист олдиндан 25 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши очилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

