Дунё

Эрон қўшни давлатларни АҚШнинг “ҳимоя қалқони”га айланиш оқибатидан огоҳлантирди

Эрон қўшни мамлакатларни АҚШнинг "ҳимоя қалқони"га айланишининг салбий оқибатларидан огоҳлантирди.

Эроннинг "Хотам ал-Анбиё" марказий штаби АҚШ ҳарбий кучларини ўз ҳудудида жойлаштирган қўшни давлатларга жиддий огоҳлантириш берди. Теҳрон Вашингтон учун "ҳимоя қалқони" вазифасини бажараётган ҳукуматлар можарога тортилиши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда Курдистан 24 нашри марказий штаб қўмондони Али Абдуллоҳийнинг 1-августдаги баёнотига таяниб хабар берди.

Ушбу баёнот ҳарбий ва дипломатик кескинлик кучайган бир пайтда янгради. Бунгача АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам янги огоҳлантириш билан чиққан эди. У ҳарбий ҳаракатлар давом эца, Вашингтон Эронга жуда қаттиқ зарба беришини айтган.

АФП агентлиги ва Америка ОАВларининг ёзишича, Трамп маъмурияти қўшимча ҳарбий операцияларни кўриб чиқмоқда, жумладан, Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарба бериш эҳтимоли ҳам бор. Бироқ, АФП якуний қарор ҳали эълон қилинмаганини билдирди.

Иккала томоннинг баёнотлари Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги риториканинг кескинлашганини кўрсатмоқда. Ҳар икки тараф ўз қатъиятини намойиш этмоқда, минтақа давлатлари эса бунинг ўз хавфсизлигига таъсирини баҳоламоқда.

Абдуллоҳийнинг баёноти Америка кучларини жойлаштирган ва уларга моддий-техник ёрдам бераётган Форс кўрфази мамлакатларига қаратилган. Унинг таъкидлашича, Эрон бундай ҳамкорликни Вашингтоннинг ҳарбий таъсирини оширувчи омил деб билади, бу эса минтақа давлатларини тўқнашув хавфи остида қолдиради.

"АҚШ уларнинг капитали, бойлиги, муҳим инфратузилмаси ва стратегик ресурсларидан ўз ҳарбий иштироки учун ҳимоя қалқони сифатида фойдаланмоқда. Вашингтон минтақа фаровонлигидан кўра ўз ҳарбий имкониятлари ва Исроил хавфсизлигини устун қўяди", деди Абдуллоҳий.

У минтақа ҳукуматларини АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга чақирди, акс ҳолда бунинг оқибати оғир бўлишини айтди.

"Акс ҳолда, ўзини АҚШ учун ҳимоя қалқони сифатида кўраётган ҳар қандай мамлакат уруш алангасида ёниб кетади", дея огоҳлантирди у.

Абдуллоҳий, шунингдек, амалдаги уруш минтақадаги кучлар мувозанати ўзгарганини кўрсатганини таъкидлади. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроилни ўз операцияларини давом эттириш учун минтақа давлатлари ресурсларига таянаётганликда айблади.

Яқин Шарқдаги кўплаб мамлакатлар Америка базаларига мезбонлик қилади ва АҚШ билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилади. Шундай бўлса-да, улар Теҳрон билан дипломатик алоқаларни сақлаб қолишга ва тўғридан-тўғри урушга тортилмасликка ҳаракат қилмоқда.

fors ko‘rfaziharbiy ogohlantirishdiplomatik taranglikurush xavfiyaqin sharqmintaqaviy xavfsizlikeronaqsh