АҚШ базалари ўққа тутилганига жавобан Эронга баллистик ракеталар учирди (видео)

АҚШ Иорданиядаги ҳарбий базасига қилинган ҳужумга жавобан Эронга баллистик ракеталар учирди. Бу ҳақда ББС АҚШ Марказий қўмондонлиги (СЕНТСОМ) маълумотларига таяниб хабар берди.
АҚШнинг сўнгги зарбалар тўлқини 28-июл куни соат 20:00 да (Британия ёзги вақти билан пайшанба куни соат 01:00) бошланиб, тахминан бир соат давом этган. СЕНТСОМ буни “Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ кучларига уюштирган ҳужумларига кучли жавоб” деб атади.
Эрон давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, нефт саноати учун муҳим бўлган Қешм ва Абадан ороллари нишонга олинган. Ҳужум натижасида уч киши, жумладан, икки ёшли бола ҳалок бўлган, шунингдек, Эрон жануби ва ғарбидаги бошқа ҳудудлар ҳам зарар кўрган.
Фарс агентлиги хабарига кўра, “АҚШнинг Қешмнинг Чаҳ Тангу маҳалласидаги турар жой биносига уюштирган ҳужуми оқибатида бир оиланинг уч аъзоси: ота, она ва уларнинг 2 ёшли фарзанди ҳалок бўлди”.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро бир неча кунлик нисбий тинчликдан сўнг яна авж олди. 24-июл куни Доналд Трамп дипломатик ечим изланаётгани сабабли Эронга зарбаларни тўхтатишни буюрганди. Аммо 28-июл куни Эроннинг Иорданиядаги базага ҳужуми ортидан ҳарбий ҳаракатлар қайта тикланди. Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Иорданиядаги базага қилинган ҳужумга жавоб қайтаришга ваъда берганди:
“Биз уларга жуда қаттиқ зарба берамиз, чунки уларга зарба бериш навбати бизга келди”, деган эди у.
Сўнгги ҳарбий ҳаракатлар можаро кенгайиб бораётган бир ҳафта ичида содир бўлди. АҚШ ва Саудия Арабистони илк бор Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган гуруҳларнинг нишонларига биргаликда зарбалар йўллади. АҚШ ва Исроил феврал ойида Эронга ҳарбий зарбалар берганида, президент Доналд Трамп уруш атиги бир неча ҳафта давом этишини айтганди. Аммо у аллақачон беш ойдан бери давом этмоқда ва охири кўринмаяпти.

