Дунё

Эрон Ҳормузда БАА ёнилғи кемасига ракета билан ҳужум қилди — Абу Даби

**Эрон Ҳормузда БАА ёнилғи кемасига ракета билан ҳужум қилди — Абу Даби**

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) 8-август куни Эронни Ҳормуз бўғозидан ўтаётган давлат нефт компаниясига тегишли кемага ракета билан ҳужум қилганликда айблади. Абу Даби бу ҳаракатни қароқчилик деб атаб, кескин қоралади. Бу ҳақда Реутерс агентлиги хабар берди.

Дастлаб ВАМ давлат ахборот агентлиги АДНОС компаниясининг кемаларидан бирига ракета урилгани ҳақида хабар тарқатди. Компания вазият назорат остида эканини маълум қилди. Кейинроқ БАА Ташқи ишлар вазирлиги АДНОС кемасига қилинган "Эроннинг душманона ҳужуми"ни қоралади. Ҳар икки баёнотда ҳам танкер, унинг юклари ёки эҳтимолий зарарлар ҳақида батафсил маълумот берилмади. Жароҳатланганлар ҳақида хабар келиб тушмади.

Яқин Шарқдаги уруш бошланишидан олдин дунёдаги нефт ва суюлтирилган табиий газнинг тахминан бешдан бир қисми Уммон ва Эрон ўртасидаги ушбу тор сув йўли орқали ўтар эди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошлангандан бери бу ерда юк ташиш издан чиқди. Бу эса юк ташиш нархларини оширди ва хавфсизлик борасидаги хавотирларни кучайтирди.

Вазирлик ҳужум БМТ Хавфсизлик кенгашининг сузиш эркинлиги тўғрисидаги резолюциясини бузганини таъкидлади. Шунингдек, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)ни тижорат кемаларига ҳужум қилиш ва сув йўлидан иқтисодий босим қуроли сифатида фойдаланишда айблади.

БАА Эронни ҳужумларни тўхтатишга ҳамда бўғозни тўлиқ ва шарциз қайта очишга чақирди. ИИҚК аввалроқ Теҳронга душман давлатлар билан алоқада бўлган ёки Эрон кўрсатмаларига бўйсунмаган ҳар қандай кемаларга қарши чоралар кўриш билан таҳдид қилганди.

АДНОС компаниясининг маълум қилишича, уруш бошлангандан бери бўғоздан ўтаётган 15 та кемасига ракета ва дронлар билан ҳужум қилинган. Шундан учтаси шу ҳафтага тўғри келади. Ҳужумлар оқибатида бир нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган ва 20 киши жароҳатланган.

Абу Даби давлат нефт компанияси бўлмиш АДНОС дунёдаги энг йирик энергия ишлаб чиқарувчилардан биридир. У хом нефт, табиий газ ва қайта ишланган маҳсулотларни бутун дунё бўйлаб харидорларга экспорт қилади. Аввалроқ Эрон АҚШ мамлакатга яна ҳужум қилса, Форс кўрфази давлатларига зарба бериш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди.

raketa hujumixalqaro suv yo'llarineft tankeribaaqaroqchilikadnocho‘rmuz bo‘g‘ozieron