Дунё

Дания Арктикада мудофаа имкониятларини кенгайтирмоқда

Дания Арктика минтақасидаги геосиёсий таранглик кучайиб бораётган бир пайтда Фарер ороллари атрофидаги ҳарбий иштирокини кенгайтиришга қарор қилди. Бу ташаббус НАТОнинг минтақадаги денгиз операцияларини қўллаб-қувватлаш, Ф-35 қирувчилари иштирокида патрулларни йўлга қўйиш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Дания Арктикадаги мудофаа имкониятларини кенгайтиришга киришди.

Дания Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, мамлакат мудофаа вазири Йеппе Брус ва Фарер ороллари ташқи ишлар ҳамда балиқчилик вазири Бардур а Стейг Нилсен жорий йилдан бошлаб оролларда ва уларнинг атрофида ҳарбий фаолликни кучайтириш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришдилар.

Ушбу келишувга биноан, Дания Қуролли кучлари Фарер ороллари ва уларга туташ ҳудудлардаги иштирокини маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда босқичма-босқич ва мунтазам равишда ошириб боради.

Йеппе Бруснинг таъкидлашича, бу қарор Дания қироллигининг ўз ҳудудининг барча қисмлари хавфсизлиги учун масъулиятни жиддий қабул қилаётганини кўрсатади. Унинг сўзларига кўра, мазкур чоралар Арктикадаги умумий мудофаа салоҳиятини оширишга қаратилган кенг қамровли дастурнинг бир қисми бўлиб, НАТО фаолиятига ҳам ҳисса қўшади.

Дания Мудофаа вазирлигининг маълумотига кўра, кенгайтирилаётган фаолият Дания Қуролли кучлари ва Фарер оролларининг денгиз чегараларини муҳофаза қилувчи ВØРН хизмати ўртасида қўшма машғулотлар ўтказиш, НАТОнинг денгиз операцияларини қўллаб-қувватлаш, Ф-35 қирувчи самолётлари иштирокида ҳаво патрулларини амалга ошириш, шунингдек, фрегатлар ва транспорт самолётларини жалб қилишни ўз ичига олиши мумкин.

Фарер ороллари вазири Бардур а Стейг Нилсен хавфсизликка оид барча ташаббуслар маҳаллий ҳокимият билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши муҳимлигини таъкидлади.

Ҳарбий фаоллик Даниянинг Арстис Эндурансе машғулотлари доирасида амалга оширилиши ва НАТО раҳбарлигидаги Арстис Сентрй операцияси билан мувофиқлаштирилиши маълум қилинди.

Блоомберг агентлиги қайд этишича, бу қарор Даниянинг Гренландиядаги ҳарбий иштирокини сезиларли даражада оширганидан сўнг қабул қилинмоқда. Сўнгги ойларда Копенгаген у ерда ҳарбийлар сонини, машғулотлар кўламини ва техника ҳажмини кўпайтирган.

Дания ТВ 2 телеканали маълумотига кўра, мамлакат ҳукумати Россия томонидан Европа хавфсизлигига нисбатан ҳарбий таҳдид сақланиб қолаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Шунингдек, 2022-йилда Дания ва Фарер ороллари Стреймой оролида йирик радиолокация мажмуасини қуришга келишган. Уни 2030-йил атрофида ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, мажмуа Атлантика океанининг шимолий қисмидаги ҳаво ва денгиз ҳаракатини, жумладан Россия самолётлари ҳамда кемаларини кузатиш имконини беради.

Фарер ороллари Дания таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Шимолий Атлантика океанида жойлашган архипелаг 18 та вулқон оролидан иборат.

rossiyaxavfsizliknatomudofaadaniyaarktikafarer orollariharbiy faollik