Европада ядровий тийиб туриш тизими кенгайиши мумкин
НАТО Россиядан келаётган хавф ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда Европада ядровий тийиб туриш тизимини кенгайтириш имкониятини муҳокама қилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, хавфсизлик билан боғлиқ вазият янада кескинлашса, Полша, Финландия ва Литва ҳудудида қўшимча ядровий қурол жойлаштирилиши мумкин.

Европада ядровий тийиб туриш тизими кенгайиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Дпа агентлигининг маълумотларига кўра, бу стратегик эмас, балки нотратегик (тактик) ядровий қуролларга тегишли. Бундай қуроллар асосан қўшинлар, аеродромлар, портлар, қўмондонлик пунктлари ва бошқа ҳарбий инфратузилма объектларига қарши қўллаш учун мўлжалланган. Улар қирувчи самолётлар ёки қанотли ракеталар орқали етказилади ва стратегик ядровий қуролларга нисбатан қуввати пастроқ ҳисобланади.
Аввалроқ НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам агентликка берган интервюсида Европада қўшимча АҚШ ядровий қуролларини жойлаштириш эҳтимолини истисно этмаган эди. Бироқ у бу борадаги музокаралар тафсилотларини очиқламаган. Марк Рютте шундай деган: «Биз ҳеч ким НАТОга ядровий зарба бериб, жавобсиз қолиши мумкин эмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак».
Маълумотларга кўра, Совуқ уруш тугаганидан кейин Европа ҳудудида АҚШнинг тахминан 100 та Б61-12 туридаги ядровий бомбаси сақланиб қолган. Улар НАТОнинг Нуслеар Шаринг дастури доирасида Германия, Белгия, Италия, Нидерландия ва Туркиядаги олтита авиабазага жойлаштирилган.
Шу билан бирга, айрим давлатлар қонунчилигида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Литва президенти Гитанас Науседа мамлакат НАТОнинг ядровий тийиб туриш тизимига қўшилишга тайёрлигини билдирган, аммо ҳозирча тинчлик даврида мамлакат ҳудудига ядровий қурол жойлаштириш режаси йўқлигини таъкидлаган.
Финландияда эса июн ойи охирида қабул қилинган «Атом энергияси тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишлар мамлакат ҳудудига ядровий қурол олиб кириш ва уни жойлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилди. Мазкур ўзгартишлар 1 июлдан кучга кирган.

