Дунё

Украина иккита давлат ёрдамида Россия заводларига зарба берган — ФТ

Украина Россия заводларига ҳужум қилишда икки давлат ёрдамидан фойдаланган – ФТ

Медуза нашрининг Финансиал Тимесъга таяниб хабар беришича, АҚШ ва Франсия Украинага Россия ҳаво мудофааси тизимларининг жойлашуви ҳақида разведка маълумотларини тақдим этган. Украиналик расмийларнинг сўзларига кўра, бу маълумотлар дронларга ҳаво мудофаасини четлаб ўтиб, нефтни қайта ишлаш заводларига зарба бериш имконини берган.

Манбалар Америка ва Франсия разведкаси Украина қуролли кучларига нишонларни аниқроқ белгилашда ҳам ёрдам берганини таъкидлади. Бу украин ҳарбийларига айнан қаерга зарба бериш кераклигини тушунишга кўмаклашган.

Украиналик ҳарбий режалаштирувчилар, дрон операторлари ва энергетика экспертларининг фикрича, эндиликда зарбаларнинг мақсади шунчаки заводларда ёнғин келтириб чиқариш ёки систерналарни портлатиш эмас. Асосий мақсад иншоотни имкон қадар узоқроқ муддатга ишдан чиқаришдир.

Топшириқларни амалга оширишдан олдин муҳандислар ва соҳа мутахассислари дрон операторларига йўл-йўриқ кўрсатиб, нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти учун қайси компонентлар муҳимлигини тушунтиради.

Дрон операторларининг сўзларига ва Финансиал Тимес кўриб чиққан сунъий йўлдош тасвирларига кўра, Украина қуролли кучлари таъмирлаш ишлари якунланмагунча ўша муҳим ускуналарга қайта-қайта зарба беришни бошлаган.

**АҚШ разведкасининг ўрни**

Июл ойининг бошида Украина Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводларига, жумладан, фронт чизиғидан жуда узоқда жойлашган обьектларга ҳам ҳужумларни кескин оширишни бошлади.

Ўшанда Финансиал Тимес украиналик юқори мартабали мулозимларга таяниб, ушбу ҳужумларда Америка разведкасининг кўмаги муҳим рол ўйнагани ҳақида ёзган. Бу ёрдам Киевга дрон йўналишларини чизиш ва ҳаво мудофааси тизимларидан яширинча ўтишга ёрдам берган. Аввалроқ Россия Украинага қанотли ракеталар учиргани, Лвовда турар жой ҳужумга учрагани ҳақида хабар берилганди.

rossiyaukrainaaqshfransiyarazvedkahavo mudofaasidron hujumlarineft zavodlari